Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармаси ҳамкорликнинг янги имкониятларини очиб беради
Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида туркий давлатларнинг ўзаро алоқаларида сармоявий имкониятларини кенгайтириш, ҳамкорликни янги даражага кўтариш мақсадида Инвестиция жамғармаси таъсис этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодиёт ва савдо вазирлари тегишли битимни имзоладилар.
Жамғарма савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга замин яратади ва ўзаро инвестициявий ҳамкорликка янгича тус беради. Айни пайтда, «Савдога кўмаклашиш стратегияси»нинг қабул қилиниши ташкилот мамлакатларида савдодаги миқдорий чекловлар ҳамда нотариф чораларни бартараф этилишига шароит яратиб беради. Чунки савдо-иқтисодий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш туркий давлатлар ҳамкорлигининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада транспорт йўлаклари, божхона-чегара ўтказиш пунктлари ва логистика марказларининг узлуксиз фаолиятини таъминлашда аъзо ва кузатувчи давлатларнинг бирдамлиги ва мавжуд шароитларни янада ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишилиши ўзаро савдо эркинлиги, иқтисодий муносабатларда либералликни таъминланиши, савдодаги номувофиқликларнинг бартараф этилишига кўмаклашади ҳамда божхона хизматлари ва таърифлар тизимини мувофиқлаштириш имконини беради.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган Стратегияси доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий ва хавфсизлик соҳаларини ривожлантиришни қамраб олган мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Инвестиция жамғармасини ташкил этилиши туркий давлатлар ҳамкорлигининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Биринчидан, ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтиришнинг энг самарали йўлларини аниқлаш, инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари белгилаш.
Иккинчидан, иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш ва манфаатлар уйғунлиги бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтиришнинг энг самарали йўлларини аниқлаш, жумладан, савдо, сармоя, транспорт соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш ва кўп томонлама муносабатларнинг бошқа механизмларини қўллаш.
Учинчидан, кўп томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш, жумладан, транспорт йўлаклари, божхона ва чегара ўтказиш пунктлари ва логистика марказларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича ягона ёндашувини амалиётга жорий этиш.
Тўртинчидан, иқтисодиётга инновациялар ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшма режалар, ягона электрон платформани ишга тушириш, жумладан, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришда рақамлаштириш ва электрон ҳукумат тизимини жорий этиш даражасини ўрганиш ва баҳолаш бўйича инвестицияларни мувофиқлаштириш мумкин бўлади.
ТДТ иқтисодиёт ва савдо вазирлари 11-йиғилиши доирасида келишиб олинган «Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги илмий-тадқиқот маркази» ва «Муҳандислик ва технологиялар маркази»ни ташкил этиш туркий давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада мустаҳкамлашни таъминлайдиган расмий ҳужжат қабул қилиниши манфаатли ташаббусларни амалга ошириш муҳимлиги белгилаб беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда инвесторлар учун қулай муҳит яратилган, яъни инвесторлар ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланиши бўйича амалий тизим ишлаб турибди. Натижада 2017 йилдан бошлаб (3,3 млрд. доллар) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,5 баробарга ошди (8,6 млрд. доллар). Масалан, 8 мингтадан ортиқ товар турларига импорт божлари камайтирилиб, бизнесга оид ҳар хил турдаги 70 та лицензия ва 34 та рухсатномалар берилиши бекор қилинди.
Инвестиция жамғармаси доирасида қулай инвестицион муҳитни барпо этиш, зарурий норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш инвестицион ҳамкорликнинг янги имкониятларини юзага чиқаради.
Рустам Ҳасанов,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.