Туркия ва Озарбайжон ҳарбийлари машғулотларни бошлади

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар беришича, Озарбайжон Туркия армияси билан қўшма оператив-тактик машғулот бошлади.

Машқлар Озарбайжон армиясининг ҳарбий қисмлари жавобгар бўлган ҳудудларнинг умумҳарбий машғулот майдонларида ўтказилади, дейилади хабарда.

Машғулотлардан асосий мақсад – Озарбайжон ва Туркия қўшинлари тезкор бўлинмаларининг ўзаро ҳаракатини яхшилаш ва жанговар самарадорлигини ошириш. Шу билан бирга, машғулотлардан тезкор бўлинмалар қўмондонлари ўртасида ҳарбий қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш кўзланган.

Аввалроқ, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон билан мудофаа саноатида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойида Озарбайжон ва Арманистон қуролли кучлари қўшма ҳарбий машқларни олиб борганди. Ўшанда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бундан бошқа маъно ёки фавқулодда ҳолат қидирмаслик, икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида ҳамкорликдаги бундай машқлар ҳар йили ўнлаб ўтказилиши ҳақида гапирган. Бироқ орадан бир ой ўтар-ўтмас Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди. 30 йил давомида Арманистон ишғоли остида бўлиб келган ҳудудлар 44 кунлик қуролли тўқнашувлар натижасида Озарбайжон назорати остига ўтди.