Туркия ва Хитойда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ўзбекистонликлар вафот этди

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йил 22 июль куни «Özel A Hastenesi» тиббиёт муассасасида Ўзбекистон фуқароси О.А. вафот этди. Шу билан биргаликда Хитойда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси мотоциклда ЙТҲга учради, деб Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

У 20 июль куни йўл-транспорт ҳодисаси натижасида олинган жароҳат туфайли касалхонага ётқизилган эди.

Туркиянинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлари мазкур факт юзасидан тергов ишларини бошлади.

Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олган ва марҳумнинг қариндошларига тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.

Ўзбекистоннинг  Шанхай шаҳридаги (Хитой) Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, 23 июль куни Нанкин почта ва телекоммуникация университети (Цзянсу провинцияси) талабалари, Ўзбекистон фуқаролари М.Т. ва С.Ш. учинчи шахсларнинг иштирокисиз мотоциклда ЙТҲга учраган.

Оқибатда М.Т. воқеа жойида ҳалок бўлган, С.Ш. эса жиддий жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.

Маълум қилинишича, Бош консулхона ходимлари томонидан мазкур масала назоратга олинган ва шу куннинг ўзида улар консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Нанкин шаҳрига жўнаб кетганлар.

Ҳозирда университет ва Нанкин шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарияти ҳамда шаҳар касалхонасининг даволовчи шифокорлари билан алоқа ўрнатилган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг қариндошлари ва яқинларига таъзия билдиради ҳамда Туркия, Болгария, Руминия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда Истанбул шаҳридаги мамлакат Бош консулхонаси +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтади.