Эрон ТИВ вазият назоратда экани, интернет тикланишини айтмоқда, АҚШ янги зарбалар бериши мумкин

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббас Арагчи мамлакатдаги вазият тўлиқ назорат остида эканини ва аҳоли учун интернет алоқа тез орада тикланишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 88 соатдан бери интернет ўчирилган.

Арагчи Теҳронда хориж дипломатлари билан учрашувда шундай деди. Эрон давлат телевидениеси учрашувдан трансляция олиб борган. Вазирнинг айтишича, интернет алоқа «тез орада хавфсизлик хизматлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда тикланади».

Аббас Арагчига кўра, 28 декабрдан бошланган норозилик намойишлари дастлаб уч кун давомида тинч тарзда ўтди ва кўпчилиги савдогарлардан иборат бўлган.

«Бу даврда намойишчилар ўз қонуний талабларини тинч йўл билан билдиришди ва норозиликларини ифодалашди. Биринчи уч кун давомида ҳукумат ва намойишчилар ўртасида диалог бўлди ва намойишлар деярли тугади», деди вазир.

У шундан сўнг намойишларга «қуролли террористлар» қўшилганини ва бунинг оқибатида намойишлар «тинч намойишлардан қўзғолонга айланганини» таъкидлади.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари катта ҳалокатлар ва оммавий ҳибсларни (10 600 дан ортиқ киши) хабар қилишмоқда. HRANA маълумотларига кўра, намойишлар бошланганидан буён камида 538 киши қурбон бўлган: 490 намойишчи ва 48 қўшин ходими. Ҳақиқий қурбонлар сони мингдан ортиқ бўлиши мумкин, лекин интернет ва алоқа чеклангани учун бу рақамни тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Бу орада CNN репортёрининг Эрон таҳдидларини қабул қилиш ҳақида берган саволига Трамп «Мен қилади деб ўйлайман. Сиз нима дейсиз, CNN», дея жавоб берди. АҚШ президентидан Эронга Starlink юбориш ҳақида сўралганда, бундай вариант кўриб чиқилаётганини билдирди.

АҚШ президенти Дональд Трампга Эрон олдин белгилаган «қизил чизма»ни, яъни намойишчиларни ўлдиришни чекловчи чегарани буздими, деган савол берилганда шундай жавоб берди: «Кўринишидан, улар бунга кириша бошлади», деди у. «Биз бунга ўта жиддий қараймиз. Қуролли кучлар вазиятни ўрганмоқда ва биз бир неча жуда қатъий вариантларни кўриб чиқяпмиз. Қарор қабул қиламиз», деди Трамп. Сўнгги маълумотларга кўра, шу кунларда Трампга Эронга, жумладан Теҳрондаги ҳарбий объект бўлмаган ҳудудларига янги ҳарбий зарбалар беришнинг бир нечта варианти тақдим қилинган.

Г.Холдорова тайёрлади.