Турли миллатданмиз, лекин ўзбекистонликмиз!

Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи бу давлатимизнинг бойлиги ва кучидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув ҳаёти таъминланмоқда ва ҳар биримиз юрт тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Миллий-маданий марказлар, жумладан, Озарбайжон миллий маданий маркази ва унинг Самарқанд вилояти бўлими бу жараёнда фаол иштирок этмоқда.

Бугун мамлакатимизда озар миллатига мансуб 60 мингдан зиёд фуқаро тинч-тотув, хотиржамликда умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг тўрт минг нафари Самарқанд вилоятида яшайди. Самарқандда миллий маданий марказлар учун “Дўстлик уйи” фаолият юритмоқда. Турли байрамларни биргаликда нишонлаяпмиз, миллий қадриятларимизни давом эттиряпмиз. 

Бизнинг филиал фаолияти озарбайжон халқининг маданий меросини асраш ва ривожлантириш, шунингдек, миллатлараро мулоқотни илгари суриш, ўсиб келаётган авлодни Ўзбекистонда яшаётган барча халқларнинг урф-одатларига ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган. Биз маданий-маърифий тадбирлар, ёшлар форумлари, мулоқот майдонлари ташкил этамиз, бу эса инсонлар ўртасида яқинлик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Яхши биламиз, бугунги кунда ҳатто саноқли миллатлар яшайдиган давлатларда ҳам турли келишмовчилик, ўзаро низолар келиб чиқмоқда. Бу эса одамларнинг тинч-тотув ҳаёти учун хавф туғдиради. Ўзбекистонда эса нафақат ҳукумат сиёсатида, балки аҳолининг ўзида ҳам миллатлараро бағрикенгликни кўриш мумкин. Ўзбекистонимиз турли миллат вакилларининг биргаликдаги ҳаёти ва фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйган давлат сифатида дунёга намуна бўла олади.

Рамал Мирзоев,

Озарбайжон миллий маданий маркази вилоят бўлими раҳбари.