Турмушингизни асрай оласизми?
Жомбой тумани ҳокими У.Назаров олиб борган йиғилишда оилалардаги нотинчликларни бартараф этиш, соғлом турмуш тарзи тарғиботида маҳалла маслаҳатчиларининг ўрни хусусида сўз борди. "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси М.Бобоёров, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси М.Тожибоев мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
– Ўрганиш жараёнида оилалардаги нотинчликларнинг асосий сабаби ёшларнинг турмушга тайёр эмаслиги, оила аъзоларидаги масъуллик ҳисининг йўқлиги аён бўлмоқда, – дейди М.Бобоёров. – Оилалар билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш баробарида ёшларнинг мактаб, коллежлардаги таҳсили сифатини яхшилаш, ўсмир ёшданоқ фарзандларимизда маънавий дунёқарашни шакллантириш борасидаги ишларни ҳамкорликда олиб боришимиз лозим.
Анжуман доирасида тумандаги Эски Жомбой маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаронинг никоҳдан ажратиш учун берган аризаси бўйича сайёр суд мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Сайёр судда эр-хотиннинг фикрлари тингланди. Туман ҳокимлиги, маҳалла фаолларининг аралашуви билан оила ярашди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.