“Уч авлод учрашуви” ёшларга ҳаёт сабоқларини берди

- Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Ўтган йилдан бошлаб мамлакатимизда Президент ташаббуси билан “Уч авлод” учрашувлари ташкил этилмоқда. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар талаба-ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди. Мулоқот давомида ўтган кунларни хотирлаш, бугунги ўзгаришларга шукроналар айтиш - келажак сари катта мақсадлар белгилаб олишга хизмат қилади. Бунёдкорлик ишларига томошабин бўлиб эмас, камарбаста бўлиш, юртимиз тараққиётига даҳлдорлик билан яшаш эса  ёшларнинг бурчидир. Кўтаринки кайфият, нуронийлар билан бўлган мулоқотлар ёшларга кўп нарса беради.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” тадбири аввалида университет ректори, профессор Х.Юнусов ана шу гапларни алоҳида таъкидлади.

 Университетда қишлоқ хўжалиги фахрийлари - вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдумажид Нурқулов, меҳнат фахрийси Амриддин Муҳиддинов, профессор Қурбон Норбоевлар билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ва туманлар бўлимлари масъуллари, "Ветеринария фидойиси" кўкрак нишони соҳиблари ва университетнинг фахрий профессор-ўқитувчилари, шунингдек, ушбу йўналишларда таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашув давомида  фахрийлар ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун амалга оширган ишлари, бу йўлда учраган машаққатлар ва қийинчиликлари хусусида ёш авлод вакилларига ҳикоя қилиб берди. Киши ўз олдига мақсад қўйиши ва келажагини режалаштириши лозимлиги, бу йўлда албатта унга муаммолар учраши ва бу муаммолардан билими, салоҳияти ва интилишлари билан енгиши лозимлиги барчага ибрат бўлгулик ҳаётий мисоллар асосида  тушунтириб берилди.

Узоқ йиллар давомида Самарқанд вилояти ҳокимлигида масъул лавозимларда  ишлаган ва 2019 йилдан буён вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси сифатида фаолият кўрсатаётган А.Нурқулов томонидан университетга "Самарқанд - ер юзининг сайқали" китоби ҳамда ноёб манзарали ва мевали дарахт кўчатлари тақдим этилди. Учрашувда фаол иштирок этган талабаларга фахрийлар томонидан эсдалик совғалари ва китоблар жамланмаси тортиқ қилинди. Ўз навбатида меҳмонларга университет ректорининг ёшлар тарбиясидаги иштироки учун "Фахрий устоз" дипломлари тақдим этилди.

СамДВМЧБУ ахборот хизмати.