Уч меҳмон – Бойлик, Омад, Муҳаббат
Аёл уйидан чиқа туриб, кўча ҳовлисида узун оқ соқолли учта чолни кўриб қолди. У уларни танимасди, бироқ уларни чарчаган деб ўйлади ва деди:
- Сизлар кўп юрганга ўхшайсиз, ҳорғин кўринасиз, илтимос уйга кириб, овқатланинг, ҳордиғингизни чиқариб олинг. Кейин йўлингизда давом этарсиз.
- Турмуш ўртоғингиз уйдами? – сўради улар.
- Йўқ, - деди аёл. - У ҳозир ишда.
- Унда биз киролмаймиз, - жавоб берди улар.
Кечқурун эри уйга қайтгач, аёл нима бўлганини айтиб берди. Шунда турмуш ўртоғи “Бориб мен уйда эканлигимни айт ва уларни уйга таклиф қил”, деди.
Аёл ташқарига чиқиб, қарияларни таклиф қилди.
- Ҳаммамиз бирданига уйингизга кира олмаймиз, - деди қарияларнинг бири.
- Нега? - ҳайрон бўлди аёл.
Иккинчи чол тушунтирди:
- Мана бунинг исми Бойлик, - деди у дўстларининг бирига ишора қилиб, - буниси Омад, менинг исмим Муҳаббат. - Кейин қўшиб қўйди. – Энди уйингга бор ва эринг билан уйларингда кимни кўришни хоҳлашларинг тўғрисида маслаҳатлашиб кел. Кимни танласаларинг, ўша меҳмонингиз бўлади.
Аёл уйга кириб, эрига эшитганларини айтиб берди. Турмуш ўртоғининг қувончи чексиз эди ва хотинига қараб “Агар биз ҳақиқатан танлашимиз керак бўлса, Бойликни таклиф қила қолайлик, у кириб, уйимизни бойликка тўлдирсин”, деди.
Хотини эътироз билдирди ва:
- Азизим, Омадни таклиф қиламиз? У бизларга ҳар доим омадни келтириб турса, ажабмас, деди.
Уйнинг бурчагида ўтирган уларнинг қизи ҳамма гапларни эшитиб турарди ва у ўз таклифи билан уларни олдига югуриб келди:
- Дада, ойи Муҳаббатни таклиф қилсак қандай бўларкан? Ахир кейин уйимизда севги ҳукмронлик қиладику? - деди.
- Ҳа, майли деди эр хотинига, - қизимиз тўғри гапни айтяпти, бориб Муҳаббатдан уйимизга меҳмон бўлишини сўрагин.
Аёл чиқиб чоллардан сўради:
- Қайси бирингиз Муҳаббат? Уйга киринг ва меҳмонимиз бўлинг.
Чоллардан бири уй томон юра борди. Қолган икки қария эса унинг ортидан эргашди. Аёл ҳайрон бўлиб, улардан сўради?
Ахир мен фақат Муҳаббатни таклиф қилдимку, сизлар...?
Оқсоқоллар жавоб беришди:
- Агар сиз Бойлик ёки Омадни таклиф қилганингизда, қолган иккимиз кўчада қолиб кетардик, бироқ сиз Муҳаббатни танладингиз, Муҳаббат қаерга бормасин, биз доим унга эргашамиз. Севги бор жойда бойлик ҳам, Омад ҳам бўлади!
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.