Уч соатда 4261 марта ўтириб-туриб "Гиннеснинг рекордлар китоби"дан ўрин олган ногирон

Ростовлик ногирон шахтёр, 59 ёшли Геннадий Мисиков ўтириб-туриш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди.

Унинг янги рекорди барчани ҳайратга солди. Дастлаб у 32 дақиқа-ю 58 сонияда ўтириб-туришни минг марта такрорлади.

Гап шундаки, у ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса туфайли бир оёғини тўрт жойидан синдириб олган. Олти марта операциядан кейин узоқ вақт юришдан маҳрум бўлган Геннадийга врачлар хулосаси қатъий бўлди: “ Бир умр оқсоқ бўлиб қолади”.

Дарҳақиқат, у зўрға оёғини судраб босар, оёғи шишиб кетиб, кеча-кундуз зирқираб оғрирди. Лекин руҳан чўкмади.

“Аввалига шундоқ аста-секин ўтириб-туришга киришдим, - дейди Геннадий. – Сўнгра 20-30 килограмм штанга билан ўтириб-тура бошладим. Шу тариқа 200-220 килограмгача етказдим. Врачлар ақлдан озибсан, дейишди. Лекин ўзимни кундан-кунга яхши ҳис қила бошладим. Оёғим оғримай қўйди”.

Беш йилдан сўнг у оқсамай қўйди. Шахтага ишга қайтди. Ўтириб-туриш спорти – пауэлифтинг бўйича спорт устаси бўлди.

Бир куни у Жеки Чан ҳар бир машғулот олдидан 600 маротаба ўтириб-туришини кўрди. Бу уни биринчи рекордга руҳлантирди. 53 ёшида Геннадий 3 соатда 4261 маротаба ўтириб-туриб "Генниснинг рекордлар китоби"дан ўрин олди.

Мисиков оғриқни енгиб, бундай машғулот билан шуғулланишга ўзингизни мажбур қилманг, деб маслаҳат беради. Бу қатъий ирода ва машаққатли меҳнатни талаб қилади.

Т.Шомуродов тайёрлади.