Учқудуқда уйнинг 5-қавати деворида деразани ушлаб туриб қолган болакай қутқарилди (видео)

Шимолий кон бошқармаси 6-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмининг хизматчилари 9 октябрь куни Учқудуқда содир бўлган фавқулодда вазиятда 8 ёшли болани қутқаришди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Учқудуқ шаҳрида яшовчи 2-синф ўқувчиси Темур Мухторов уйда ёлғиз қолиб, 5-қаватда жойлашган хонадон деворининг рахида, дераза ромидан ушлаганча туриб қолган. Ўз кучи билан вазиятдан чиқиш ҳаракати кутилмаган асоратлар билан таҳдидли эди.

Шу боис болакайнинг отаси 6-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмидан ёрдам сўрайди. Қисмнинг ёнғин ўчириш бўлинмаси ходимлари манзилга тезда етиб келиб, ишғол қилиш нарвони ёрдамида болакайни қутқаришди. Бола ва унинг ота-онаси асабларининг таранглашганлигини инобатга олмаганда, фавқулодда ҳолат асоратсиз бартараф этилди.