Учувчи автомобиль

Автомобиль ҳам учадими? Ишониш қийин. Бу фақат кинофильмларда бўлиши мумкин. Масалан, «Бешинчи элемент» фильмида. Аммо энди яқин ўртада реал ҳаётда ҳам учадиган автомобиллар пайдо бўладиганга ўхшайди.

Ўша юқорида эслатилган «Бешинчи элемент» фильми сюжети асосида Подмосковда ерда учувчи автомобиль яратиш устида иш бошланди.

Н.Жуковский номидаги аэрогидродинамика институти мутахассислари ана шу ғояни амалга оширишга киришдилар. Учувчи аппарат «Эра» деган ном олди. У соатига 350 километр тезликда уча олади.

Машина оммавий равишда ишлаб чиқариладими, йўқми, ҳозирча номаълум. Аммо мутахассисларнинг хурсандчилиги чеки йўқ: жуда муҳим биринчи қадам қўйилди.

***

Раҳмдил мушук

Мушук сичқоннинг кушандаси эканлигини ҳамма билади. Мушук бор хонадонга сичқон йўламайди. Сичқонни кўрган мушук эса уни аяб ўтирмайди. Лекин мушук билан сичқон иноқ яшаши мумкин экан.

…Брянскида биринчи қаватда яшовчи аёл сичқонлардан безор бўлиб кетди. Ертўладан хонадонга ўтган кемирувчилар босқинидан безор бўлган уй бекаси санитария бригадасини чақирди. Бироқ уларнинг заҳарли хўраклари ҳам сичқонларни йўқотолмади. Аёл дугонасиникидан мулойимгина мушук олиб келди. «Сичқонларга энди қирон келади» ўйлади у.

Бир куни аёл эшик тирқишидан хонага назар ташлади ва ҳайратдан донг қотиб қолди. У кўзларига ишонмасди: мушук идишдаги сутини сичқон билан баҳам кўрарди. Уй бекасини сезган сичқон қочиб инига кириб кетди. Мушук эса эгасидан норози "миёв"лаб қўйди. Бека ташқарига чиқиб, форточкадан разм солди: сичқон инидан чиқиб мушук билан яна бирга сут ичарди...

 Т.Шомуродов тайёрлади.