"Украинада бир кун – Афғонистонда бир ой": НАТО давлатларининг учдан икки қисми Украина учун қурол-яроғ захираларини тугатди
НАТОга аъзо 30 та давлатдан 20 таси Украинага қурол жўнатиш учун ҳарбий ресурсларини сезиларли даражада камайтирди. Аммо Франция, Германия, Голландия ва Италия каби ўнга яқин йирик давлатлар аксинча, кўпайтирди, деди Шимолий Атлантика альянси вакили The New York Times газетасига.
НАТО Украинага аллақачон 40 миллиард долларлик қурол етказган. Бу Франциянинг йиллик мудофаа бюджетига тўғри келади.
Журналистлар билан суҳбатлашган экспертларнинг таъкидлашича, Украинадаги уруш жараёнида ҳар икки томон ҳам Иккинчи жаҳон урушидан бери мисли кўрилмаган даражада қурол ва ўқ-дориларни истеъмол қилмоқда. Ваҳоланки, Ғарб бунга умуман тайёр эмас эди.
НАТО расмийларига кўра, Украинада фронтда қўлланилган артиллерия миқдори ҳайратланарли. Масалан, Афғонистонда НАТО кучлари кунига 300 та артиллерия ўқини отиши мумкин эди ва ҳаво ҳужуми мудофааси ҳақида кўп ташвишланмасди. Аммо Украина Қуролли кучлари кунига минглаб ўқ узиши мумкин ва ҳанузгача Россия ракеталари ва Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига жуда муҳтож. "Украинадаги бир кун - Афғонистонда бир ой, ҳатто ундан кўпроқ"қа татимоқда, дейди мудофаа бўйича эксперт ва НАТО бош котибининг собиқ ёрдамчиси Камил Гранд газетага.
НАТОнинг юқори мартабали мулозимининг таъкидлашича, ўтган ёзда украиналиклар Донбассда кунига 6-7 мингта артиллерия ўқлари узган, руслар эса ҳар куни 40-50 мингта снаряд отган. Таққослаш учун: АҚШ ойига атиги 15 мингта снаряд ишлаб чиқаради.