Украинада йирик лавозим ўзгаришлари давом этмоқда: Зеленский Луганск, Одесса ва Хмелнитский вилоятлари раҳбарларини ишдан бўшатди

Украиналик журналистлар юқори мартабали амалдорларнинг оммавий ишдан бўшатилишини коррупция гумонлари билан боғлашган.

Украина президенти Луганск вилояти раҳбари Сергей Гайдай, Хмельницкийни бошқараётган Сергей Гамалий ва Одессага раҳбарлик қилаётган Максим Марченкони лавозимидан озод этди.

Фармонлар давлат раҳбари веб-сайтида эълон қилинган, истеъфолар сабаблари ҳақида эса ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Январь ойида ҳам Украинада 6 нафар юқори мартабали амалдор ва 5 нафар вилоят раҳбари ишдан бўшатилган эди. Хусусан, Киев (Олексий Кулеба), Херсон (Ярослав Янушевич), Днепропетровск (Валентина Резниченко), Запороже (Александр Старух) ва Суми (Дмитрий Живитский) вилояти раҳбарлари лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, Президент девони бошлиқ ўринбосари Кирилл Тимошенко, Мудофаа вазирининг ўринбосари Вячеслав Шаповалов, Бош прокурор ўринбосари Алексей Симоненко, ижтимоий сиёсат вазири ўринбосари Виталий Музиченко ҳамда вазир ўринбосарлари ўз постлари топширган.