Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Улар бизни 100 йилдан буён «ҳужжатлаштиришади»

Ўтаётган ҳар бир кунимиз тарих. Ўқиш, иш, оила, фарзандлар, уй-жой, ҳаётимиз тарихга айланиб, ҳужжатларга муҳрланиб бораверади. Бу ҳужжатларнинг энг ишончли сақловчилари, албатта, архив идораларидир.  

Самарқанд вилоят давлат архиви тарихи ҳамда унинг фаолияти, унда сақланаётган уч асрлик тарихни эслатувчи ҳужжатлар архивнинг қадимийлигини эслатиб туради. Вилоят давлат архиви расман 1921 йил апрель ойида ташкил этилган ва жорий йилда унга 100 йил тўлади.

1919 йил 5 ноябрда респуб­лика марказий ижроия комитетининг Туркистонда архив ишларини ташкил этиш ва марказлаштириш тўғрисида қабул қилган қарори асосида ягона архив бошқармаси ташкил этилган. Республика халқ комиссарлари Советининг 1921 йил 25 январдаги «Вилоят архив фондлари тўғрисида»ги қарори билан жойларда маҳаллий давлат архивлари ташкил этила бошланди.

Вилоят давлат архиви ҳам ўз фаолиятини 1921 йил апрель ойидан бошлади. Дастлаб вилоят архиви халқ маорифи комиссарияти таркибида бўлган. Республика марказий ижроия қўмитасининг 1922 йил 14 майдаги 47-сонли қарори билан Марказий архив бошқармаси ва вилоят давлат архиви халқ маорифи комиссарияти тизимидан чиқарилган. 1924 йилда вилоят давлат архиви бюроси, 1927 йилда Самарқанд округи ишчи, деҳқон ва аскарлар совети ижроия комитети қошидаги архив бюроси деб атала бош­ланди. 1931 йил 30 январдан Ўзбекистон Республикаси Марказий архив бошқармасининг Самарқанд бўлими, 1938 йил 18 ноябрдан Самарқанд вилоят архив бошқармаси бўлди. 1940 йил 22 майда Халқ комиссарлари Ички ишлар бўлими, 1944 йил Самарқанд шаҳар давлат архиви ташкил этилди. 1961 йил архивлар ички ишлар вазирлиги тизимидан меҳнаткашлар депутатлари вилоят кенгаши ижроия қўмитаси тасарруфига ўтказилган. 1962 йил 17 июлда вилоятнинг Булунғур, Каттақўрғон, Нарпай, Самарқанд туманларида туманлараро давлат архивлари ташкил этилган. 1962 йилда архив бўлими ва Самарқанд шаҳар давлат архиви тугатилиб, вилоят давлат архивига бирлаштирилди. 1965 йил 25 мартда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ижроия қўмитасининг архив бўлими ташкил этилди. 

Кейинги йилларда вилоят давлат архивининг фондлари фан, таълим, маданият соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга оид ҳужжатлар ҳамда тарихий-маданий ёдгорликларни акс эттирувчи суратлар билан бойитилиб борилди.

Бугунги кунда вилоят давлат архивида 30 дан ортиқ малакали ходим назоратида  жами 589 672 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар сақланмоқда. Бундан ташқари, 84 минг сақлов бирлигидаги газета ва журналлар, 26 200 сақлов бирлигидаги фотосуратлар, 183 826 сақлов бирлигидаги китоб альбомлар ҳам вилоят давлат архивида сақланмоқда. 

Вақт ўтгани сайин бу ҳужжатларни қоғоз ҳолида асраш қийинчилик туғдиради. Шу боис ҳозирда архив ишида ҳужжатларни рақамлаштириш тизими жорий этилмоқда. Дунёнинг аксарият етакчи давлатларида архив ишида олиб борилган илмий тадқиқотларда асосий эътибор ҳужжатларни архив сақловларига тўлиқ қамраб олиш ва уларни сақлаш, архив ҳужжатларини рақамлаштириш, хизмат сифатини яхшилаш ҳамда архивларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Вилоят давлат архивида ҳам ҳужжатларни рақамлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2018 йилда Япониядан ҳужжатларни сканерловчи махсус қурилма олиб келинди. Бу қурилма бир неча сонияда ҳужжатларни турли хил форматда сканерлайди, зарар етган ҳужжатлардаги нуқсонларни тўғрилайди.