Улгуржи истеъмолчилар, газ тортувчи “насос” тармоқдан узилгач, Ширин маҳалласида таъминот яхшиланди
Жорий йилнинг 16 декабрь куни Zarnews.uz телеграм каналида эълон қилинган “Газ босимининг пастлигидан қийналяпмиз” сарлавҳаси билан Самарқанд шаҳридаги Фарҳод қўрғони, Ширин маҳалласи аҳолисининг мурожаати эълон қилинди.
Мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Масала бўйича “Samarqandshahargaz” бўлими ходимлари томонидан ўрганишлар олиб борилди ва ҳудудда газ таъминотида муаммолар борлиги аниқланди.
Ҳақиқатдан, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши, аҳолининг табиий газ маҳсулотига бўлган талаби икки-уч ҳиссага ортиши, аксарият кўп қаватли уйлардаги иситиш тизимларининг ишламаслиги сабабли Самарқанд шаҳрининг айрим маҳаллаларида газ тармоқларининг сўнгги нуқталарида жойлашган хонадонларда табиий газ босимининг меъёрдан пасайиши кузатилмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича “Samarqandshahargaz” бўлими томонидан барча чоралар кўрилмоқда.
Фарҳод қўрғони Ширин маҳалласида табиий газ босимини яхшилаш мақсадида “Samarqandshahargaz” бўлими ходимлари томонидан ГТҚ (газ тақсимлаш қути)лари ва аҳоли газ ҳисоблагичлари профилактик назоратдан ўтказилди. Ҳудудда 2 та қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган улгуржи истеъмолчилар тармоқдан узилди. Битта улгуржи истеъмолчи томонидан ўрнатилган катта ҳажмдаги газ тортувчи “насос” аниқланиб, тармоқдан кесиб олинди. Айни пайтда Ширин маҳалласида газ таъминоти яхшиланган.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.