Уни «Норик» дейишарди 

Самарқанд журналистикасида унинг ёрқин изи бор: қаламга оладиган мавзуларини чуқур ўрганарди, бирон жиҳати эътибордан четда қолмасди. Мақола ўқишли бўлиши учун майда деталларгача келтирарди. Факт ва рақамларни мақола мазмунига сингдириб юборарди. 

Биз ҳикоя қилаётган ижодкор Нормуҳаммад Сайфиддиновдир. Синчков ва зеҳнли журналист ҳаёт бўлганида 70 ёшга тўларди.  

У 1951 йилда Самарқанд туманида туғилди. Ўрта мактабни битиргач, Самарқанд давлат педагогика институтида сабоқ олди.  

Кечагидай эслайман: Нормуҳаммад хушчақчақ, самимий ҳамкасбларимиздан эди, - деб хотирлайди фахрий журналист Тоғаймурод Шомуродов. - Институтни битиргач, бир муддат ўқитувчилик қилган ва кейин Жиззах вилояти Пахтакор тумани газетасида мухбирлик малакасини ўрганган, масъул котиб бўлган. Сўнгра таҳририятимизга ишга келди. Биз уни “Норик” деб атардик. Норик “Ленин йўли” (“Зарафшон”) газетасида жўшқин ижод қилди, спорт бўлимини бошқарди.  

1991 йил 1 майда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг “Самарқанд” газетаси таъсис этилди. Иқтидорли журналист Нормуҳаммад Сайфиддиновни газета муҳаррирлигига тавсия этишди.  

Самарқанд шаҳар тарихий ва меъморий обидалари билан машҳур учта туман ва маҳаллаларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётини ёритиш, муштарийлар қалбига йўл топиш осон кечмади. У ўзбек, тожик, рус тилларида чоп этиладиган газета мақолаларини синчиклаб ўқиб чиқар, таҳрир қиларди.  

“Самарқанд” газетаси Н.Сайфиддинов раҳбарлигида шаклланди. Ҳафтада бир марта нашр этиладиган газета омма ўртасида ўрнини топди. Муҳими, газета заҳматидан ҳузур топадиган меҳнаткаш муҳаррир Нормуҳаммад Сайфиддиновнинг номи ҳам сиёсат, ҳам ахборот майдонида тез-тез тилга олинадиган бўлди. Яна бир эътиборли жиҳати, Нормуҳаммад аканинг инсоний фазилатлари ҳар қандай кишининг ҳавасини келтирарди. Таҳририятдаги баъзи масъулиятсиз, топшириқни вақтида бажармайдиган ходимларга ҳам қаттиқ гапирмасди. Аксинча, у тайёрлаши зарур бўлган мақолани ўзи ёзиб қўя қоларди. Бу эса ижодий ходимга катта сабоқ бўларди.  

Нормуҳаммад Сайфиддинов муҳаррирлик йиллари иккита китоб ёзди. Бири машҳур спортчи Мамажон Аҳмедов сулоласи ҳақида “Полвон” номли ҳужжатли қисса, бири Дамариқ маҳалласи, ота-онаси ҳақида эди.  

1995 йил ёзда Н.Сайфиддинов вилоят ҳокимининг матбуот котиби сифатида фаолият юрита бошлади. Бу камтар, дили тоза инсон юқори лавозимда бўлса-да, “Самарқанд”ни эсдан чиқармас, таҳририятга тез-тез келиб турар, “Табаррук газета асримизнинг бошларида чиқа бошлаган. Биз улуғ боболаримизнинг эзгу ишларини мустақилликнинг илк йилларида давом эттирдик. Бу қутлуғ даргоҳда ишлаган киши буни асло унутмаслиги керак”, дея ҳамманинг қалбини фахр-ифтихор ҳиссига тўлдирарди.  

Кейин Нормуҳаммад Сайфиддинов вилоят телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари бўлди. Журналистика доимо унинг севимли касби, машғулоти эди. Дўстлари, шогирдларини кўрганида дили қувончга тўлиб кетарди.  

1997 йил июлда Н.Сайфиддинов оғир касалликка чалиниб, 47 ёшида ёруғ дунёни тарк этди.  

Бугун Нормуҳаммад аканинг оиласи давраси кенг. Аёли – Мўътабар Толибова ва ўғил-қизлари унинг номини доим ардоқлайди, эзгу ишларини фарзандлари ва неваралари, шогирдлари давом эттирмоқда.  

Убайдулла Сирожев,  

Акрам Ҳайдаров.