"Ургут чиноридан менинг қаламим"
Ўзбекистон халқ шоири, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти лауреати Барот Бойқобилов ҳаёт бўлганида бугун 85 ёшга тўлган бўларди.
Б.Бойқобилов 1937 йил 14 мартда Ургут туманидаги Кенагас қишлоғида туғилган. СамДУ филология факультетида таҳсил олган.
Ўзбекистон давлат бадиий адабиёт нашриёти, ёшлар газетаси, болалар адабиёти нашриётида муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, «Мулоқот» журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган.
«Самарқанд сатрлари», «Висол», «Сени излайман», «Самарқанд ушшоғи», «Афросиёб», «Сонетлар», «Ким сокин яшайди Ўзбекистонда» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган.
Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган «Шукуҳли карвон», «Нотинч Хуросон», «Сокин Хуросон» ва «Қонли Хуросон», «Ҳайрат ул-Аброр» достонларидан иборат «Янги Хамса» ва «Ўзбекнома» шеърий романлари бор.
2006 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.
***
Ургут чиноридан менинг қаламим,
Қалбимнинг софлиги — булоқларидан.
Одамларин меҳри — ўтли каломим,
Қаддим расолиги — алп тоғларидан.
Кўклам хандасидан — табассум, кулгим,
Шеър битган қоғозим — сахий даласи.
Кимё тупроғидан тўлган илигим,
Нафасим — шифобахш субҳи сабоси.
Бедор сойларида — умрим кемаси,
Чарх урган каптари — ўй-орзуларим.
Тилидаги ғазал — севгим шеваси,
Чўққига кетган йўл — менинг изларим.
Таржимаи ҳолим — Ургут қиссаси,
Шеърим — ургутликлар олтин бўсаси.
* * *
Мевали дарахтга тош отар,
Тошлардан бутоғинг синмасин,
Шохингга калхатлар қўнмасин,
Қисматинг ўйласам бош қотар.
Кўзимда қурғошин ёш қотар,
Майли, тош отганлар тинмасин.
Мевангни еб туриб, тиғлансин,
Бошингда бир куни тонг отар.
Вале тонг отгунча, отиб тош,
Тутундек ўрлатса оҳларинг,
Дардингга бўлгандек қайғудош.
Хазондек ёнса гар боғларинг,
Сен бўлиб ўртада жон талаш,
Қирқишиб кетмасин шохларинг.