Ургут кашталарига хорижда харидор кўп

Шу боис каштадўз Қурбоной Турдиева Туркия, Бирлашган Араб амирликлари, Италия, Испания, Франция ва Швейцария давлатларига маҳсулотларини етказиб беряпти  

Ургутлик ҳунарманд Қурбоной Турдиева болалигидан каштачилик, чеварликка қизиқди. Тинимсиз ҳаракати ва изланишлари уни юқори марраларга етаклади. Ҳунарманд қўл меҳнати орқали яратган маҳсулотлари бугун нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам эътироф этилмоқда. 

- Эсимни таниганимданоқ онам ва бувимларга ҳавас қилиб, каштадўзлик ҳунарига меҳр қўйганман, - дейди у. - 10 ёшлигимда кашта тикишни, 12 ёшлигимда эса кашта билан безатилган миллий кийимлар ва буюмлар тайёрлашни ўргандим. Ҳар қандай ҳунарнинг ҳақиқий устаси бўлиш учун ҳам илм керак. Мактабда аъло баҳоларга ўқирдим, кўп китоб мутолаа қилганман. Ўқувчилар орасида ўтказилган турли танловларда юқори натижаларни қўлга киритганман. Мактабни тамомлаб, шу ҳунарни мукаммал ўрганишга, янгиликлар яратишга, шогирдлар тайёрлашга киришдим.  

Қ.Турдиева Ургутнинг қадимий каштачилик услубларидан фойдаланиб, замонавий кийимлар тайёрлашда ўзининг ижодий ёндашуви билан бошқалардан ажралиб туради. Миллийлик, қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган қўл меҳнати асарлари киши кўзини қувнатадиган, қалбларга руҳий сокинлик ҳиссини олиб кирадиган нақшлар билан безатилади. У айнан шу йўналишда изланишлар олиб бориб, бир қатор қўлланмалар ҳам яратди.  

Қурбоной опа 2014 йилда республика “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлди. Бу унга ўзбек миллий маданий меросини сақлаш ва уни авлоддан-авлодга қолдиришдаги ишларини ривожлантиришда янада масъулият юклади. Уюшма аъзолари ўртасида ўтказиладиган учрашувлар унинг тажрибасини ошириши билан бирга, тайёрлаган маҳсулотларини миллий ва халқаро бозорларга чиқариш учун қулайлик яратди. Ҳунарманд тайёрлаган маҳсулотлар мамлакатимизнинг барча вилоятларига, хусусан, пойтахтдаги бозорларда сотила бошлади. 

У халқаро кўргазмаларда ҳам иштирок этиб, ишлари хорижликлар томонидан ҳам эътироф этилди. Кейинги йилларда у турли мамлакатларда, қўл меҳнати маҳсулотлари савдосини ташкил этиш учун изланди, ҳаракат қилди ва натижага эришди. Хусусан, Туркия, Бирлашган Араб амирликлари, Италия, Испания, Франция, Швейцария каби давлатларда бўлиб, уларнинг каштачилик маҳсулотларига қизиқиши катта эканлигини билди ва бу давлатларда маҳсулотларини сотиш йўлларини ўрганди. Бу эса тадбиркорнинг иқтисодий имкониятлари кенгайишига сабаб бўлди. 

Қўли гул ҳунарманднинг юзлаб шогирди бор. Бугунги кунда уларга халқаро миқёсда тан олинган ҳунармандлик ишларини ўргатмоқда. 

Тўлқин СИДДИҚОВ.