Ургут туманида сайловларга тайёргарлик қандай кетяпти?
Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирмоқда.
Ургут туманида ҳам сайловни юксак савияда ташкил этиш учун пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Янги қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ туманда парламент қуйи палатасига сайлов ўтказувчи 2 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 7 та, туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 30 та сайлов округи, 107 сайлов участкаси тузилган.
– Сайловлар жараёнида аҳоли билан бевосита ишловчи ва овоз беришни ташкил этувчи орган сифатида участка сайлов комиссиялари алоҳида ўрин тутади, – дейди Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 71-Қоратепа округ сайлов комиссияси раиси Элёр Пўлатов. – Шу боис уларни ташкил қилиш, фаолиятини қонун талаблари асосида йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Округ ҳудудида 53 та сайлов участкаси тузилиб, тартиб рақами, манзили белгиланди. Замонавий биноларда ажратилган хоналар белгиланган талаблар асосида жиҳозланиб, зарур техника воситалари – телефон, факс, нусха кўчириш аппарати, тегишли адабиёт ва қўлланмалар билан таъминланган.
Шунингдек, белгиланган тартиб асосида участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаб олдик. Участка сайлов комиссияларининг дастлабки маълумотларига кўра, жорий йилги сайловларда ҳудудимизда 142 минг 95 нафар сайловчи иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Аҳамиятлиси, уларнинг 4,5 минг нафардан ортиғини илк бор овоз берадиган ёшлар ташкил этади.
Бахтиёр МУСТАНОВ.