Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут туризм маскани Самарқанд тажрибаси бўлсин

Туризм натижаси одамларни ишли қилиш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган соҳа саналади. Самарқандда туризм соҳасида амалга оширилган ишлар, муаммолар бўйича аввал ҳам мақолалар берганмиз. Эндиликда шу йўналишни ривожлантириш масаласи туманларда ҳам куннинг долзарб масаласига айланган.

Хўш, бугун Ургут туманида қандай ишлар амалга оширилган, мавжуд муаммолар нималарда?

Туризм қишлоғига қандай амалий ёрдам бўлди?

Ургут туманидаги Терсак маҳалласи туризм қишлоғи деб эълон қилинганлиги кўпчиликка маълум. Айтиш керакки, мазкур ҳудуднинг чиройли табиати, ўзига хос об-ҳавоси, тоғли ҳудудларда жойлашган уйлар чиройли манзарани ҳосил қилади.

Қишлоқ аҳли билан суҳбатлашганимда уларнинг ҳамқишлоғи, француз тили ўқитувчиси  бўлиб ишлаган Қўйсин ака туфайли бу ерга хорижликлар дам олиш, табиатдан баҳраманд бўлиш учун кела бошлаган экан. Бу яхши ташаббус қишлоқдошларга ҳам “юқиб”, аста-секин маҳаллада меҳмон уйлари пайдо бўлган.

Маҳалла туризм қишлоғи, деб эълон қилингач, бу ерда меҳмон уйлари сони 25 тага етди.

Мисол учун, Офият опа Худойбердиева номига ташкил этилган меҳмон уйи бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача меҳмонни қабул қилиши мумкин. Меҳмон уйи боғнинг ичида жойлашган бўлиб, атрофдаги яшиллик, боғдаги сархил мевалар, гуллардан баҳраманд бўлиш мумкин. Боғ адоғида қурилган ҳовуздаги балиқларни томоша қилиш баробарида, унинг устига қурилган супада ҳордиқ чиқариш, хорижлик меҳмонлар учун ўзбекона таомларни уй эгалари билан биргаликда тайёрлаш, оилалардаги қадриятларни кўриш, бир сўз билан айтганда, бу меҳмон уйларида соф ўзбекона ҳаёт тарзини ҳис қилиб кўриш мумкин.

Туризмда айнан шу йўналиш эътиборли эканини соҳа мутасаддилари яхши билишади. Аммо Терсакдаги меҳмон уйларининг бир нечта эгаси билан суҳбатлашганимда уларга ҳатто имтиёзли кредит ажратилмаган экан. Боз устига, қишлоқ ўртасидан ўтувчи катта сой устидан қурилган кўприкни ҳам меҳмон уйларидан бирининг эгаси ўз маблағи ҳисобига ҳашар билан қурганлигини билдик. Гарчи, маҳаллага кириш йўлига асфальт ётқизилган бўлса-да, тоғли йўл бўлгани учун ички йўлларда юриш нафақат ноқулай, балки хавфли ҳам.

7200 нафар аҳоли истиқомат қиладиган мазкур маҳаллага марказлашган сув тармоғи энди тортиляпти, ҳозирда аҳоли қудуқ қазиб, булоқ сувидан фойдаланади, электр масаласида муаммолар йўқ, аҳоли газ баллони ишлатади.

Туманда ўнлаб туризм йўналишини амалга ошириш мумкин

Айтиш керакки, Ургут вилоятдаги йирик туманлардан бири бўлиши баробарида иқтисодий салоҳияти мустаҳкам.

Туман Самарқанд вилоятининг жанубий-шарқий томонидаги тоғлар этагида, денгиз сатҳидан тахминан 1000 метр баландликда жойлашган. Бир томондан Қашқадарё вилояти, бир томондан қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Бу ерда нафақат хорижий, балки маҳаллий туристларни ҳам қизиқтирадиган қатор масканлар бор. Мисол учун, Ургут шаҳрининг шарқ томонидаги Ғўс қишлоғида жойлашган Ғавсул Аъзам зиёратгоҳи, чинорлар билан ўралиб, юқориси тоғлар билан туташиб кетган, баъзи манбаларга кўра, минг ёшли чинорлари мавжуд Чорчинор зиёратгоҳлари бугун таъмирланиб, зиёратчиларнинг доимий масканига айланган. Шунингдек, Ургутда ноёб табиат гўзалликларини мужассам этган тоғли, ўрганиш талаб этиладиган, сайёҳларга шароит яратишга муҳтож қатор ҳудудлар ҳам мавжуд. Хусусан,  Амир Темур барпо этган боғлардан бири Боғи жаҳоннома, Самарқанд шаҳрининг жанубида, “Тошкент-Термиз” йўли ёқасида жойлашган, қалин дарахтзорлар орасидаги сўлим ва гўзал бир маскан, шунингдек, баланд тоғлар орасида жойлашган “Яхдон” ғорини сайёҳлар тоғ йўлларидан баландлаб, машҳур Аллаёрон чўққиларининг бутун маҳобати билан томоша қилишлари мумкин.

Шундай ғорлардан яна бири Қоратепа қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Омонқўтон қишлоғидаги тоғлардан бирида мавжуд. Ўз вақтида ғор текширилганда, экспедиция аъзолари ғорнинг фақатгина 1076 метр узунликдаги қисмига қадар бора олишган.

Қолаверса, кулолчиликни давом эттираётган 17-авлод вакиллари, моҳир тадбиркорлари каштадўзлар, тўндўзлар маҳаллалари, республиканинг барча вилоятларидан келадиган йирик бозор ҳам бу ерга сайёҳларни жалб қилиш имконини беради.

Ҳақиқатан ҳам бу ҳудудга Яратган меҳр билан ўз неъматларини улашганига ишонгинг келади. Сабаби, юқорида таъкидланган тарихий ҳудудлари, чиройли манзаралари қаторида туман яна бир катта бойлик – тадбирли, йўқдан бор қила оладиган салоҳиятли одамлари билан ҳам ном қозонган. Бу