Ургутда юк автомобилида суюлтирилган пропан газ сиғимининг ёрилиши оқибатида икки киши вафот этди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ургут туманида “ЗИЛ-130” русумли юк автомобилида суюлтирилган пропан газ сиғимининг ёрилиши бўйича бирламчи маълумот берди.

Маълум қилинишича, бугун, 14 июнь куни соат 17:40 ларда Ургут тумани “Кенагас” маҳалласи ҳудудида жойлашган маиший газ баллонларини пропан гази билан тўлдириш шохобчасида “ЗИЛ-130” русумли юк автомобилидан суюлтирилган газни тўкиш вақтида пропан сиғими ёрилган. 

Юзага келган вазият оқибатида юк автомобиль ҳайдовчиси ва шохобча ишчиси воқеа жойда ҳалок бўлган.

Ҳозирда ҳодиса сабаби ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. 

Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч-воситалари жалб қилиниб, вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари бажарилмоқда.                   

Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.