Ургутдаги “Дўстлик” оромгоҳи реконструкциядан сўнг яна фаолият бошлади
Ургут туманининг Омонқўтон маҳалласи ҳудудида жойлашган собиқ “Дўстлик” болалар оромгоҳи ўрнида “Do‘stlik mountain resort” хусусий болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлигининг 2020 йил 28 августдаги ҳамда вилоят ҳокимининг шу йил 29 августдаги тегишли қарорлари асосида “Замин травел” масъулияти чекланган жамиятига нол қийматда инвестиция киритиш мажбурияти билан берилган оромгоҳ ўрнида замон талабларига мос болалар соғломлаштириш оромгоҳи иш бошлади. Лойиҳа қиймати 23 миллиард сўм бўлиб, янги муассасанинг ишга туширилиши натижасида 30 та янги иш ўрни яратилди.
Оромгоҳнинг фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, туман ҳокими Ботир Жабборов иштирок этиб, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имконият ва имтиёзлар натижасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлашди. Лойиҳа ташаббускорлари томонидан ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари юқори баҳоланиб, уларнинг қўшимча лойиҳа — сиҳатгоҳ қуриш режаси тўлиқ қўллаб-қувватланиши маълум қилинди.
- Лойиҳа бўйича биринчи босқичда собиқ “Дўстлик” оромгоҳи ўрнида замонавий болалар соғломлаштириш маскани бунёд этиш кўзда тутилган эди, - дейди оромгоҳ директори Абдували Қўшанов. – Бугунги кунда биринчи босқичда белгиланган режа тўлиқ амалга оширилди. 160 ўринга эга замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи ишга туширилди. Мавсум давомида 320 нафар болаларнинг ҳордиқ чиқариб, соғломлаштириш учун барча шароитлар яратилган. Бунда асосий бинодан ташқари 200 ўринли ошхона, мини-футбол, волейбол, баскетбол майдонлари, бассейн, ҳар бир гуруҳ учун суҳбат майдончалари, амфитеатр ўрин олган. Келгусида болаларга мазмунли ҳорлиқ чиқаришлари учун тоғ туризми бўйича ҳудуддаги ўрмон хўжалиги бўйлаб саёҳат йўлаклари ташкил қилинади.
Вилоят маданият ва туризм бошқармаси ахборот хизматидан берилган маълумотларга кўра, 2023 йилда умумий қиймати 5,9 триллион сўмлик 180 та лойиҳа ишга туширилиб, туризм ва унга йўлдош хизматлар кўрсатиш соҳасида 5,5 минг нафар янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бунда 55 та жойлаштириш воситалари, 41 та дам олиш ва кўнгилочар масканлар, 45 та умумий овқатланиш ва 39 та бошқа туризм лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган. “Замин травел” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳам айнан ушбу лойиҳалар сирасига киради. Иккинчи босқичда шартномага мувофиқ, 100 ўринга мўлжалланган меҳмонхона қурилиши белгиланган. Иккинчи босқич жорий йил якуни ва 2024 йил бошида амалга оширилиши кўзда тутилган.
- Омонқўтон маҳалласининг табиати ўзига хос бўлганлиги боис, ушбу ҳудудда соғломлаштириш масканларининг ташкил қилиниши ҳар жиҳатдан муҳим, - дейди лойиҳа ташаббускори, “Замин травел” масъулияти чекланган жамияти бош директори Исрофил Усанов. – Лойиҳанинг иккинчи босқичида уч юлдузли меҳмонхона қуришни режалаштирганмиз. Бунда ёзги, қишки бассейнлар, конференция зали, ресторан ўрин олади. Ҳудудимиз катта бўлганлиги боис, шартнома мажбуриятларида дам олиш кемпинглари қурилиши кўзда тутилган эди. Туман ҳокимлиги томонидан ҳудудда сиҳатгоҳ ташкл қилиш таклифи билдирилди. Ушбу таклиф бизга маъқул келди ва лойиҳага 200 ўринли сиҳатгоҳ ташкил қилиш қўшимчасини киритаяпмиз. Бунда яна 2 миллион доллар инвестиция киритиш кўзда тутилмоқда. Насиб бўлса, ушбу лойиҳаларни амалга ошириб, юртимиз аҳолиси, қолаверса, хорижлик меҳмонлар учун муносиб дам олиш комлекси бунёд этамиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.