Ургутдаги эгаси йўқ канализация ёки ариқда оқаётган қўланса оқова

"Бензаколонка маликаси" фильмида бир эпизод бор, унда дарё устидаги бузуқ кўприкни тузатиш лозим бўлганда эгаси чиқмайди. Кўприк иккита район чегарасида жойлашгани учун ҳар иккала район катталари ҳам "ана қўшним тузатсин" деб муаммони ўзларидан соқит қилишади. Айни шу кунларда Ургут шаҳрида, катта кўча ёқасидаги муаммо ҳам ана шундай, "сен-менга сол" бўлиб ҳал бўлмай келаяпти. Натижада эса одамлар нохуш вазиятга тушиб қолаяптилар.

Бундан 20 кун аввал Ургут шаҳридаги бир муаммо юзасидан мурожаат бўлган эди. Муаммо шундаки, Ургут шаҳридаги Навоий шоҳ кўчасида жойлашган ахлат қувури қопқоғидан қўланса оқова сув оқаётган экан. Бугун қайта мурожаат қилишди. Воқеа жойига борсам, ҳақиқатдан канализация қувури қопқоғидан одамлар ҳожатда ишлатаётган оқова сув оқиб чиқаяпти ва қўланса ҳиддан атрофда туриб бўлмайди. Энг қизиғи, ўша қўланса ҳидли оқова сув кўча четидаги бетон ариққа тушаяпти ва уёғи қаерга қараб кетаяпти, очиғи билмайман. Билганим, қаергача борса ҳам атрофга қўланса ҳидни тарқатиб кетаяпти.

Шундан сўнг канализация қопқоғидан нега бундай қўланса оқова сув оқаётгани сабабини билиш учун Ургут туман "Сувоқова" ташкилотига бордим. Мени қаршилаган ушбу ташкилот ходимининг айтишига қараганда ушбу муаммо уларнинг ташкилотига тегишли эмас.

- Яқинда Ургут шаҳрида янги канализация қувурлари тортилди. Ўша ишга тушса бизнинг балансимизга ўтади. Эскилари бизга қарамайди. Уларни бориб ўша ҳудудга хизмат қиладиган Уй-жой мулкдорлари ширкатидан сўрайсиз, - деди.

Шундан сўнг айнан қўланса оқова сув оқаётган ҳудуддаги уйларга хизмат кўрсатадиган "Зуҳра-Санам Ҳудудий уй-жой мулкдорлари ширкати (ҲУЖМШ) раҳбари Нажмиддин Облоқулов билан шу муаммо хусусида суҳбатлашдим. Айтишича, муаммодан унинг хабари бор. Аммо, бу муаммо унга ҳам тегишли эмас экан. У фақат ўша ҳудуддаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатар экан, аммо кўчадаги канализация қувурларини таъмирлаш унинг хизмат вазифасига кирмас эмиш. "Унда бу муаммо кимга тегишли?" деган саволимга "Ушбу муаммонинг эгаси йўқ" деб жавоб берди ва сўнг батафсил изоҳ берди:

- Мен бошчилик қилаётган ширкатнинг вазифаси фақат кўп қаватли уйларнинг ички ва ташқи кўринишларига, шунингдек, ички қувур тизимига хизмат кўрсатиш. Гарчи ўша кўчага оқаётган қўланса оқова сув бизнинг ширкат хизмат кўрсатадиган кўп қаватли уйлардан оқиб чиқаётган бўлса ҳам уни тўғирлаш бизнинг вазифамизга кирмайди. Чунки у уй жойлашган ҳудуддан анча узоқда, катта йўл ёқасида. Ўртада савдо дўконлари бор. Қисқаси бизнинг ширкат хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарида. Олдинлари бошқа жойларда шундай вазият юзага келганда одамгарчилик юзасидан мен зарур техникаларни олиб бориб канализация қувурини созлатганман. Буни ҳам шундай қиламан, лекин фойдаси йўқ. Сабаби, олдин шундай ҳолат юз берганда фақат битта кўп қаватли уйнинг қувури ёрилган ёки нимадир тиқилган ва биз уни созлаган эдик. Ҳозир сиз кўрган қувурни эса созлашнинг ҳам, нимадир тиқилган бўлса очишнинг ҳам иложи йўқ. Чунки ҳозир қўланса оқова сув оқиб чиқаётган жойда умумий еттита уйнинг оқова суви чиқадиган қувур ёрилган ёки қувурга нимадир тиқилгани учун қўланса оқова сув сизиб чиқаяпти. Агар ҳозир қувурни очиб ёриғини ямаб ёки сув сизиб чиқаётган жойни тўғирлаган билан қувурни йўли очилмаса қўланса оқова сув яна уриб чиқаверади, - деди у.

- Унда нима қилиш керак, муаммонинг ечими борми ёки қўланса ҳидли оқова сув оқиб чиқиб, сўнг бетон ариққа тушиб то охирги оқиб борадиган жойигача ҳаммаёққа қўланса ҳид тарқатиб ётаверадими? - дедим унга.

- Муаммонинг бир ечими бор. У ҳам бўлса яқинда Ургут шаҳри бўйлаб тортилган янги канализация қувури тезроқ ишга тушса ва кўп қаватли уйлар оқова қувурлари ўша канализация қувурига уланса муаммо ҳал бўлади. Аммо, янги канализация  қувури қачон ишга тушишини билмайман. Билганим шу-ки у шу пайтгача ишга тушган бўлиши лозим эди. Унгача эса муаммонинг ечими йўқ.

Шундан кейин ана шу қўланса оқова сув оқаётган ҳудуддаги бир нечта савдо ва хизмат кўрсатиш дўконларининг эгалари билан гаплашдим. Уларнинг айтишларича, шу қўланса оқова сув оқиб чиқишни бошлагандан бери унинг қўланса ҳидига тоқат қилиб, дўконларда ўтириб савдо қилиб бўлмаяпти. Аммо, уларнинг ўша қўланса ҳидда ўтириб савдо қилишдан бошқа чораси йўқ.

Энди муаммога келсак, аслида бу муаммо мутасаддилар такрорлагандай ҳал бўлмас муаммо эмас. Уни бартараф этиш учун озгина ҳафсала ва меҳнат керак холос. Аммо, Ургут туман "Сувоқова" ташкилоти ҳам, қўланса сув оқиб ётган ҳудуддаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган ширкат ҳам "биз ўша қувурни таъмирлаганимиз учун биров бизга бир тийин ҳам тўламайди" деб, ўзини олиб қочаяпти холос.

Биз мазкур муаммо юзасидан Ургут туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари У.Ўроқовга ҳам қўнғироқ қилдик. Аммо, ҳоким ўринбосари қаердадир хизматда юрган экан, алоқа ўта ёмонлиги учун у билан гаплаша олмадик.

Мазкур муаммо бир қараганда арзимас бўлиб кўринади. Аммо, бир ойдан бери қўланса оқованинг бетон ариққа тушиб ҳаммаёқни қўланса ҳидга тўлдириши бу кичкина муаммо ҳам эмас.

Шундай экан, ушбу муаммонинг ечими юзасидан Ургут туманидаги мутасадди ташкилотлардан ижобий жавоб кутиб қоламиз.

Ғайрат Йўлдош.