Ургутдаги корхонада тиш пасталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Ургут туманида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб туманнинг Сариқтепа ҳудудида жойлашган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти ва “Электро-люкс” корхонасида ташкил этилган кўргазма павильони билан танишилди. “Ургут” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “JM Plastik” корхонасида болалар учун турли хил ўйинчоқлар ишлаб чиқарилмоқда.

- Хитойдан ускуналар келтириб, 48 нафар ишчи билан маҳаллий хомашёдан 80 турдан ортиқ болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни бошладик, - дейди “JM Plastik” корхонаси раҳбари Ғайрат Тўраев. – Ҳозирда маҳсулотимизни ички бозордан ташқари, Россия, Қозоғистон, Тожикистон давлатларига сотяпмиз. Яқинда Афғонистон билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Корхонамизда йилига 35 минг донагача маҳсулот тайёрланади ва унинг 60 фоизи, яъни 600-650 минг долларлик маҳсулот экспортга чиқарилади.

Иқтисодий зонада жойлашган “YEC гиламлари” корхонасида оддий грануладан тайёр ва бежирим гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр маҳсулотгача тўрт босқич бажариладиган корхонада дастлаб грануладан зарур рангдаги ип тайёрланади. Сўнгра корхона цехларида босқичма-босқич жараёнлар давом этиб, якунда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Аҳамиятлиси, Бангладеш давлатидан келтириладиган канапни айтмаса гилам учун ишлатиладиган 15 турдаги хомашёнинг барчаси маҳаллий корхоналардан олинади. 200 нафар ишчи меҳнат қиладиган корхонада Туркия, Бельгия ва бошқа давлатларнинг илғор технологиялари ўрнатилиб, йилига 1 миллион 250 минг квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотлари тайёрланмоқда.

- Ушбу лойиҳа 20 миллион евро миқдоридаги маблағ ҳисобидан ташкил этилди, - дейди корхона раҳбари Аслиддин Салоҳиддинов. – Ҳозирда йилига фақат ипнинг ўзидан 5400 тонна, гиламдан эса 1 миллион 200 минг квадрат метр маҳсулот тайёрланади. Маҳсулот қўшни давлатлардан ташқари, Озарбайжон, Арманистон ва Японияга, кейинги йилдан эса АҚШга гилам экспорт қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари иқтисодий зонада 2 миллион доллар маблағ ҳисобидан бунёд этилган “Ургут микро-металл” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган маҳсулотлар билан танишди. Иш бошлаганига кўп бўлмаган корхонада бугунги кунда ички бозорда талаб юқори бўлган болалар тагликлари, скотч, тиш чўткаси ва бошқа маҳсулотлар тайёрланмоқда. Хорижнинг илғор технологиялари ёрдамида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозордан ташқари, МДҲ давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Кейинги йилдан эса корхонада тиш пасталари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.