Ургутликлар фақат масжид қурмайди, мактаб ва шифохона ташкил этадиганлар ҳам кўп
Кўпинча давраларда ургутликларнинг хайр-саховат тадбирлари ҳақида гап кетса, “Масжид қуришга катта эътибор беришади, муқаддас қадамжоларни обод қилишга ҳамма бирдек ҳисса қўшади”, деган гапларни эшитамиз.
Айниқса, туманда 10 минг намозхонга мўлжалланган улкан масжиднинг ҳашар йўли билан қурилгани кўпчиликнинг ҳайрат ва ҳавасини келтирганди.
Бу каби хайрли ишларнинг амалга оширилаётгани яхши, албатта. Одамлар савобли амалларни бажаришга интилса, маҳаллалар обод бўлади, бир-бирига меҳр-оқибати мустаҳкамланади.
Майли, бу алоҳида мавзу.
Айтмоқчи бўлганимиз, бугун туманда хусусий боғчалар, шифохоналар кўпайди, ўтган йил битта хусусий мактаб ҳам очилди. Яна битта хусусий мактаб ташкил этиш бўйича ҳаракатлар бошланибди.
Албатта, буям тадбиркорлик, даромад топиш манбаи. Лекин даромад қилиш билан бирга савоб умидида, одамларга фойдаси тегиши учун бундай ишларга қўл ураётганлар ҳам кам эмас.
Яқинда туман марказида тўрт қаватли, кўркам бино қурилиб, яна бир хусусий тиббиёт маркази очилибди.
Айтишларича, бу Ургутдаги 24-хусусий шифохона экан. Тўғри, аҳоли кўп бўлганидан кейин, шунга яраша тиббий хизмат кўрсатиш масканлари бўлиши керак (ҳозирда туман аҳолиси сони 540 мингдан ошибди). Кейинги йилларда туман тиббиёт бирлашмаси шифохона ва поликлиникалари тегишли давлат дастурлари асосида таъмирланди, қўшимча ўринлар яратилди, янги тиббий жиҳозлар келтирилди. Лекин барибир бугунги шароит, имкониятлар хусусий тиббиётга ҳам эҳтиёжни оширмоқда. Кишилар хизмат сифатига қараб, ўзларига маъқул муассасага мурожаат қилади.
Янги тиббиёт маркази меҳмонхонадек жуда чиройли, кўзга ташланадиган қилиб қурилибди. Шунинг учун бу лойиҳа ташаббускори – 31 ёшли тадбиркор Рустам Ваҳобовдан “Нима учун меҳмонхона эмас, шифохона қурдингиз?” деб сўрадим.
– Мен тадбиркорман, сиз айтганингиздек, меҳмонхона ёки савдо маркази, ишлаб чиқариш корхонаси қуриб, бунга сарфлаган пулимни қисқа вақтда чиқариб олишим мумкин эди, – дейди Рустам. – Аммо бемор одам ва унинг яқинлари дарддан шифо топиш мақсадида нечта эшикка бош суқиб, кимдан қандай нажот кутишини яхши билганим, бундай ҳолат ўзимизнинг ҳам бошимиздан ўтгани учун ана шундай инсонларга ёрдамимиз тегсин, деб шу ишга қўл урдим.
– Ота-онангиз ёки оила аъзоларингиз орасида шифокорликни танлаганлар борми? – дейман Рустамнинг жавобидан кўнглим тўлган бўлса-да қизиққонлик қилиб.
– Йўқ, оиламиздан ҳеч ким тиббиёт соҳасига алоқадор ҳам эмас. Шунинг учун хусусий шифохона қуришни ният қилдим-у уни амалга оширишда бироз қийинчиликларга дуч келдим. Билмаган соҳангизда ишни бошлаш осон эмас-ку. Айниқса, шифохонани қайси йўналишда ташкил этиш, қандай жиҳозлар олиш кераклиги бироз ўйлантирди. Таниш врачлар бор эди, улар билан маслаҳатлашдим, хусусий клиника очган тадбиркорлар фаолиятини, тажрибасини ўргандим. Ёрдам берганлар кўп бўлди, шу билан бирга яна бир рақобатчи пайдо бўляпти, деб йўлимдан қайтаришга уринганлар ҳам учради. Лекин табиатим шундай – олдимга бир мақсад қўйдимми, унга эришиш учун ҳар қандай қийинчиликни енгишга ҳаракат қиламан, билмаганимни ўрганишдан эринмайман. Тадбиркорликни анча эрта бошлаганман, мактабни битирганимдан савдо соҳаси билан шуғулландим. Бири неча марта йиқилсам-да, турли тўсиқларга учрасам-да, тўхтаб қолмаганман, қийинчиликларни ишбилармонлик билан, билим ва тажрибам билан енгишга интилганман. Дастлаб бировлардан мол олиб сотган бўлсам, кейин Хитойдан ўзимиз олиб келдик. Сўнгра ишлаб чиқаришга ўтдик. Пайпоқ ва бошқа трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонамиз бор. Тиббий марказ очиш ҳаракатини бошлагач, бу ишларни укамга топширдим. Ўзим бор эътиборимни шу ишга қаратдим.
Бу бинони қуриш ҳам осон бўлган эмас. Икки ярим йил олдин бу ер очиқ майдон эди. Атрофдаги хонадонларда яшовчилар билан келишиб, йўл очдим, алоҳида табиий газ, электр энергияси тармоғи тортиб келдим.
Баъзида айрим мутасаддиларнинг ўзи вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлиши, тадбиркорларни сарсон қилишига ҳам гувоҳ бўлдим. Ваҳоланки, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун давлат томонидан жуда катта имкониятлар яратиб қўйилган, кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилган. Улар буни била туриб, тадбиркорни сарсон қилишини тушунмайман. Қонун-қоидани, ўз ҳақ-ҳуқуқимни яхши билганим учун мен ўз ҳақимни талаб қила оламан. Аммо янги иш бошлаётган тадбиркорлар орасида бундай сунъий тўсиқлар сабаб тўхтаб қолаётганлар ҳам йўқ эмас.
Рустамнинг айтишича, у шифохона учун ҳозирча 2 миллион АҚШ доллари тиккан. Шунинг ҳисобидан 80 бемор ўрнига эга бино қурибди. Европа давлатлари, Хитой ва Россиядан янги тиббий аппаратлар, лаборатория жиҳозлари, жарроҳлик ва физиотерапия воситалари олиб келган.
Тиббий марказда ўн нафардан ортиқ врач, йигирма нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходим фаолият бошлабди. Терапия, гинекология, хирургия, травматология, лор, эндокринология, педиатрия каби йўналишларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
– Жиҳозларимизнинг аксарияти сўнгги авлод технологиялари ҳисобланади, – дейди тиббий марказ бош врачи Хуршид Ўринов. – Масалан, жигар хасталикларига тўғри ташхис қўйиш имкониятига эга Фиброскан аппарати туманимизда бошқа муассасаларда йўқ, вилоятда ҳам саноқли ҳисобланади. Шунингдек, мультиспирал компьютер текшируви, рақамли рентген, ультратовуш текшируви ускуналарининг ҳам энг замонавийлари келтирилган. Яқин орада жарроҳлик бўлими ҳам фаолият бошлайди.
– Ўзим тиббиёт соҳасини яхши билмаганим учун юртимизда ва хорижда бўладиган тиббий жиҳозлар кўргазмаларида мутахассислар билан бирга бориб қатнашдим, – дейди Рустам Ваҳобов. – Имкон қадар, энг сўнгги русумдаги жиҳозларни олиб келишга ҳаракат қилдик. Ҳали яна бошқа аппаратлар олиб келмоқчимиз, чет элдан мутахассис чақирамиз, янги лойиҳаларимиз бор. Бу ерга сарфлаган пулим даромад беришига ҳали кўп вақт борлигини яхши биламан. Ҳозирча топаётган пулимиз ходимлар маошига, бинони сақлаш харажатларига етиб турса бўлди. Муҳими, одамларга ёрдамимиз тегса, беморлар бизнинг шифохонадан шифо топиб кетса, албатта, топганимизда барака бўлади.
Мана шундай фикрдаги тадбиркорлар, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил интиладиган ёшлар кўпаётгани қандай яхши-я.
Ғолиб Ҳасанов.