Ургутликларни қандай муаммолар ўйлантирмоқда? Ҳокимлик ва масъуллар бу ҳақда билишармикан?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ғайрат Абдиев ва Наврўз Ризаев туман аҳолиси билан ўтказган учрашувларда муаммолар юзасидан қатор мурожаатлар келиб тушди.
- Биз ҳали ҳам махсус бочкаларда ташиб келинган ичимлик сувини ичамиз. Ҳудудимизда сув иншооти қуришда ёрдам берсангиз, - дейди Испанза маҳалласида яшовчи Иномжон Маъдиев.
И.Маъдиевнинг билдиришича, бунгача яна бир муаммони ҳал этиш лозим. Хусусан, қишлоқда электр энергияси таъминотида тез-тез узилиш бўлиб туради. Бунга аҳоли сони ортиб, истеъмолчилар кўпайгани туфайли мавжуд трансформаторнинг қуввати етмаётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
- Бу масалада ҳам кўмакка муҳтожмиз, - деди маҳалла аҳли. - Ҳудуддаги 7-мактабда эса синфхоналар етишмаслиги сабабли болалар 2,2 коэффицентда ўқимоқда.
Сойғуслик Али Абулхайров қишлоқда мобил алоқа яхши эмаслигидан шикоят қилди.
- Ургутнинг чекка ҳудудларига тўй-маъракага боринг, қўнғироқ қилиб, ҳеч ким билан боғлана олмайсиз. Шу жумладан, бизнинг Сойғусда ҳам.
Ургут - тадбиркорлар юрти. Мобил алоқа тадбиркорнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишда энг керакли воситалардан бири. Ҳудуддаги шу муаммони бартараф этишда ёрдам берсангиз, - деди А.Абулхайров.
Мазкур муаммолар юзасидан депутатлар тегишли ташкилотларга сўров йўллашини айтди.
Шунингдек, халқ ноиблари тумандаги 143-умумий таълим мактабида Президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида уюштирилган тадбирда иштирок этди. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган испанзалик 98 ёшли Бурон бобо Гадоев ҳамда Торинжак маҳалласида яшовчи 100 ёшни қаршилаган Темур бобо Пўлатовлар хонадонида бўлишди.
Бахтигул ҚАРШИЕВА.