“Устоз” санаторийси атрофидаги хавотирлар ўринлими?
Zarnews.uz сайтида эълон қилинган “Устоз” санаторияси атрофидаги хавотирлар: Ўқитувчиларнинг ягона сиҳатгоҳи нега муаммолар гирдобида?” сарлавҳали мақола юзасидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади:
Оқдарё туманидаги “Устоз” санаторийси собиқ вилоят халқ таълими бошқармаси қошидаги “Маърифатпарварлар” жамияти томонидан молиялаштириб келинган.
Дастлаб “Маърифатпарварлар” жамиятининг ташкил этилиши ҳақида икки оғиз сўз: Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти вилоят бўлими 1999 йил 20 июль куни (1994 йилдан фаолият кўрсатиб келган собиқ вилоят педагогика жамияти ўрнида) ташкил этилган.
Вилоят ҳокимининг 2002 йил 19 августдаги № 234–Қ-сонли қарори билан фойдаланилмай келинаётган “Жамоақурилиш трести” балансидаги “Оқдарё оромгоҳи” вилоят халқ таълими бошқармаси балансига ўтказилиб, халқ таълими ходимларининг “Устоз” саломатлик ва экологик тарбия марказига айлантирилган. Ушбу марказда вилоят халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган ва пенсия ёшидаги педагог-ўқитувчилар имтиёзли йўлланмалар орқали дам олади.
Вилоят ҳокимининг 2014 йил 6 майдаги № 89-Қ-сонли қарори билан 2002 йил 19 августдаги 234-Қ-сонли қарор ва унинг иловаси бекор қилиниб, халқ таълими ходимларининг “Устоз” саломатлик ва экологик тарбия маркази - “Устоз” сиҳатгоҳига айлантирилган ҳамда унинг янги Низоми тасдиқланган. Жамият низомига кўра, вилоят халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар Меҳнат кодексининг 164-моддасига асосан, ўзларининг шахсий аризасига мувофиқ жамиятга аъзо бўлишади ва иш ҳақидан 1 фоиз бадал пулини туман ва шаҳар ҳудудий бўлинмасига тўлаб келган. Ҳудудий бўлинмаларига тушган сумманинг 50 фоизи вилоят бўлимига келиб тушган. Сумманинг асосий қисми вилоят халқ таълими бошқармаси қошидаги “Устоз” сиҳатгоҳи фаолиятини молиялаштиришга сарфланган.
“Маърифатпарварлар” жамияти шу кунгача баъзи ҳудудларда ишлаб, бошқа жойларда фаолият кўрсатмай келган. 2022 йилда ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушган мурожаатлар ўрганилиши жараёнида Халқ таълими вазирлиги томонидан келган ишчи гуруҳ жамият томонидан “бадал йиғишда мажбурий ҳолатлар бўляпти”, деган хулоса берилгач, жамият фаолияти тўхтатилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон “Маърифатпарварлар” жамияти вилоятни четлаб, жамият ҳудудий бўлинмаларини тўғридан-тўғри республикага ўтказиш масаласини қўйган, шунингдек, вилоятимиз педагогларига берилган “Устоз” санаторийсига ҳам даъвогарлик қилмоқда. Ҳатто айрим бўлинмаларнинг ҳисоб-рақамларини ёпиб, жамиятнинг вилоят бўлимига тегишли “Матиз” русумли хизмат машинасини олиб қўйиб, фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Айни пайтда “Устоз” санаторийсининг вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфида эканлигини тасдиқлаш юзасидан судга ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси.