Уй, тўй, машина... Ўзбекона орзулар алгоритми

Ўзбек халқи - ҳо-ю ҳавасли. Барчамизнинг яшаш тамойилимизда бир талай мақсадлар муштарак бўлиб, улар орасида дабдабали тўй қилиш, янги машина миниш орзуси бор. Бу борада имконият, эҳтиёждан кўра ҳавас устун туради.

Машина бисотми, ҳаракат воситаси?

Ривожланган мамлакатларда автомашинага фақат А нуқтадан Б нуқтага элтувчи восита деб қаралса, биз бу жонсиз темирни қадрли мулк сифатида бисотимизга айлантириб оламиз. Ачинарлиси, муҳим ҳаётий эҳтиёжлармизни четлаб бўлса-да, «мойи билан» машина минишни мақсад қиламиз. Ахир битта янги улов минолмасак, «одамлар нима дейди?».

Кейинги йиллар автомобиллар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Жамиятда автомашинага нисбатан шаклланган муносабатга кўра, унга бисот, кўз-кўз қилиш воситаси деб қаралади. Яъни, "Мошинанг бор, демак, муваффақиятлисан", деган нотўғри меъёр шаклланган. Бу орзуларни тезроқ амалга ошириш учун эса энг қулай йўл кредит олиш. Камига кўча-кўйдаги реклама баннерлари, автосалонлар ва банклар "Қулай шартлар", "Бир кунда машина!" каби ваъдалар билан мижозларни ўзига чорлаб турибди. Аммо бу каби молиявий тортиқдан шодланиб, кредитнинг ўзи фоизли қарз эканлигини унутиб қўямиз. Кўп ҳолларда, бундай кредитларда транспорт воситаси ўзини ўзи кафолат сифатида тақдим этади. Агар маълум муддат тўлов амалга оширилмаса, банк машинани мусодара қилиши мумкин. Одамларимиз кредитга автомашина олаётганда ўз даромад манбаи барқарорлигини иқтисодий инқирозлар, ишсизлик ёки касаллик каби омиллар шу кредитни қайтариш имконини пасайтиришини ҳисобга олмай, нафақат пулдан, балки транспорт воситасидан ҳам айрилиш хавфига дуч келмоқда.

Энди ушбу автомобилларнинг асосий талабгорлари ҳақида биргина мисол. Бугун кўпгина ёшларимиз хорижда бўлгани ҳолда (муболаға бўлса ҳам уларнинг 90 фоизи биринчи ўринда машина олиш истагида) ҳар ой уйига пул жўнатади. Ўша пуллар табиийки, ёстиқ тагида йиғиб борилади. Йиллар давомида емай-ичмай йиғилган пулларга, ниҳоят, автомобиль олинади. Машина учун камида ойига 200 доллардан йиғилганда ҳам бу пуллар муомалада бўлмасдан, пассивлигича сақланади. Бошқа зарурий эҳтиёжлар чекланса-да, ёстиқ тагига қўйиб борилаётган бу маблағлар машинага етгунча 4 ёки 5 йил ўтади. Ачинарлиси, йиллаб йиғилган пулга олинган бу «бисот», эгаси келгач, бир минилиб, кетгач, яна дарвозахонада ёки гаражда сақланади. Ўша маблағлар банклардаги омонат тизимига йўналтирилганда, ёки тадбиркорликка йўналтирилганда борми..? Балки оила давраси тўкис бўлиб, қайта хорижга боришга ҳожат қолмасмиди?!

Данғиллама тўй васвасаси

Тўй - бу асли никоҳ асносидаги оилавий маросим ҳисобланса-да, кимўзарга баҳслашадиган, ўзининг нечоғли «тўқ»лигини бошқаларга намойиш этадиган тадбирга айланди. Тўй маросимларидаги ортиқча сарф-харажатлар, кўргазмали дабдабалар, моддий рақобат майдонига айланиб бораётгани кузатилмоқда.

Кимлардир «Одамлар нима дейди», деб қилинаётган бир кунлик тўй туфайли бир неча йил узоқ юртларда заҳмат чекишга мажбур бўляпти. Бу «орзу-ҳавас»лар борасида тафовут қисқариб, ҳеч кимнинг бировдан кам бўлгиси йўқ. Афсуски, бугун ўша кимўзарлар пойгасида қатнашган “донг таратувчи”лар «жабрдийда»га ҳам айланмоқда.

Шунақа танишларимдан бири 20 йилдан буён Россияга қатнайди. У муҳожирликнинг илк йилларида топганига уй солди, «уй тўй» қилди. Кейинги топганига данғиллатиб суннат тўй уюштирди. Кимлардандир қарз кўтарса-да, «душман кўзи»га машина олди, «машина тўйи» ҳам қилиб берди. Аммо қарз қайтарарда 19 ёшли ўғлини ҳам ўзи билан олиб кетди. Топгани тўйга буюраётган, бугун ёши бир жойга етган танишимнинг соғлиғида нуқсонлар пайдо бўлиб, шифокорларнинг огоҳлантиришига бепарво қаради:

- Дўхтирлар айтаверади-да, - деб қўл силтади. Даволанишга гўё вақт ҳам, имкон ҳам йўқдек. Лекин бир йилдан бери, яна бир тўйига деган тўрт бош қўчқор, бир новвос қозиқда. Турфа хил ичимликлар ертўлада тахт. Етмаганига, яна қарз кўтармоқчи.

Таниш ҳолатми? Шу тарзда ўтадиган кўп тўйлар, балки эгасига бир лаҳза бахтли онларни тақдим этар. Аммо ниманинг бадалига? Йиллаб яқинлар дийдоридан узоқдаги, муҳожирликдаги оғир ҳаёт эвазигами? Йўқотилган соғлиқ, сарф этилган куч ва умрнинг гуллаган лаҳзалари эвазигами? Энг ёмони, шу каби «орзу-ҳавас»лар соҳиблари учун оғир лаҳзалар айнан тўйдан кейин бошланади. Етишмовчилик, қарз қистови сабаб яримжонлигига қарамай, ота куёв болани олиб, яна узоқ юртга кетишга мажбур бўлади. Чунки вақтида фарзандининг таълими билан қизиқмаган. Энди у ҳам касбсиз, ҳунарсиз муҳожирликка маҳкум.

Тўй “ЗАГС”идаги автомобиллар кортежи учун 5-6 миллион сўм сарфланади-ю, ёш келиннинг репродуктив ҳолатини яхшилаш учун 100 минг сўмлик дармондорига пул топилмайди. Ўнлаб яшик ароқ ортиб қолади-ю, уйида ҳаммоми йўқ. Қиш-қировли кунга ўтин, кўмир ғамланаган.

Маълумотларга кўра, арманлар келин-куёвни катта ҳаётга тайёрлашни тўйдан анча олдин бошлаб, тиббий кўрикдан ўтказиб, витамин ва бошқа зарур воситалар билан таъминлар экан. Бизда никоҳланувчилар учун мажбур тиббий кўрикни ҳам иложи бўлса, таниш-билиш орқали четлаб ўтиб, осон ҳал этамиз. Фарзандини тиббий кўрикка олиб боришни эса ҳеч ким хаёлига келтирмайди. Ахир битта-яримта кўриб қолса, нима дейди?

Ҳали ҳашаматли тўй ва “ЗАГС”нинг завқли дамларидан масрур куёв висолга қонмаёқ, жуфтининг бағрини совитиб кетишга мажбур бўлса. Дунёга келажак илк фарзанди дийдорини кўролмаса, нуридийдасини бағрига босолмаса, оталик бахти татимаса... «Орзу-ҳавас»лар ортидаги жабру ситамлар алгоритми шу тарзда давом этаверади.

Ер юзининг фаровонлик нуқтаси бўлган Америкада ҳам тўй дегани яқин дўстлар даврасида битта димланган курка билан ўтиб кетса-ю, бизда шунча дабдаба!

Қани энди тўй ўтказишда манманлик ва риёкорликдан бироз чекиниб, меъёр ва мўътадилликни танласак. Тўйни «Одамлар нима деса, десин» тарзида ўтказиб, тежалган пулга келин чеварлик қилса, куёв бирор ҳунар билан шуғулланса, чорва боқса-да, оила даромади ошиб, болалар ота бағрида улғаярмиди? Тўйда нимадир кам бўлса ҳам, муҳими, оила бағри тўкис бўлсин. Оила кемтик бўлиб, дарз кетса, унда кўринг - одамлар нима дейишини...

Шуҳрат НОРМУРОДОВ.