Уйғонинг, халойиқ!

Гулистонда “Cobalt” ва “Damas” тўқнашиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлибди, деб ёзмоқда Xushnudbek.uz.

Менга жамиятнинг йўл-транспорт ҳодисаларига бўлган муносабати доим ҳайрон қолдиради. Бошқа бирор ҳодисадан онда-сонда 5-6 киши вафот этса, катта муҳокамаларга сабаб бўлади, ҳамма қайғуради, ўксинади, кўзига ёш олади, давлатдан мотам эълон қилишни талаб этади. Умуман олганда, бу тўғри, ҳар бир фожиа ортидаги ўлим бизни хавотирга солиши керак. Аммо...

Аммо йўлларда ҲАР КУНИ (!) шунча одам вафот этса, пинагимизни ҳам бузмаймиз. Оддий ҳолдек қабул қиламиз буни. Ўқимасдан ўтиб ҳам кетамиз.

Масалан, 2020 йилнинг 1-10 январь кунлари, яъни 10 кун ичида йўллардаги ҳалокатлар туфайли 35 киши ҳаётдан кўз юмган. Тасаввур қиляпсизми, 10 кунда 35 киши!

Аслида Сизу биз ёки фарзандларимиз Қозоғистон йўлларида ёхуд метро қурилишида вафот этиши эҳтимоли 0,1 фоизга тенг. Аммо йўлларда қайсидир аҳмоқнинг хатоси билан ўлиб кетишимиз эҳтимоли жуда юқори.

Нима учун мана шунақа ҳолларда дод-вой қилмаймиз, масъулларни сўроққа тутмаймиз, атрофимиздаги одамларни йўлларда ўпкасини босиб юришга чақирмаймиз, қонунларга бўйсунишни ўзимиздан бошламаймиз? Нима учун?!

Боз устига йўллардаги қоидабузарликнинг видеосини ички ишлар органларига юборишни сўрашса, айрим ақллилар ўзича буни номардлик, “стукачлик” деб баҳолайди. Эй, ўргилдим сендақа марддан! Йўлда қоидани бузмасдан юр, бировларни номардликда айблагандан кўра. Сенинг “крутой”лигингни деб, ҳар йили 2 мингдан ортиқ юртдошимиз ҳалок бўляпти, яна бир неча минг нафари бир умрга ногирон бўлиб қоляпти. Тағин ақл ўргатганинга ўламанми..?

Ҳурматли дўстлар, йўлларда ҳушёр бўлинг, қоидаларга амал қилинг. Ўзгаларнинг қонунни беписандларча бузаётганини кўрсангиз, ҳеч иккиланмасдан видеосини тегишли органларга юборинг.

Бу асло номардлик эмас. Сиз бу ишингиз билан кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшган бўлишингиз мумкин. Жамоатчилик назоратини кучайтирмасак, ҳар куни қурбонларимиз сони ошаверади.

Эртага ўша жасадлар орасида ёки Сиз, ёки мен ҳам бўлишим мумкин. Тушуняпсизми шуни?

Аллоҳ ҳар биримизни фалокатлардан асрасин. Йўлларда ҳалок бўлганларни ўз раҳматига олсин, илоҳим!