UzAuto Motors янги автомобилларнинг навбат ўринларини "сотаётганларга" қарши курашмоқда
UzAuto Motors компанияси ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати инспекциясининг маълумотлар базаси билан ўз базасини синхронлаштириш ташаббуси билан чиқди. Бу янги автомобилларнинг ноқонуний хариди ва савдосининг олдини олиш учун амалга оширилмоқда, деб хабар берди компания матбуот хизмати.
Лойиҳа Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа ноқонуний бойиш тизими пайдо бўлишининг олдини олиш ва автомобилни олишда навбатни беришнинг имконсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Компаниядагиларнинг таъкидлашича, пандемия вақтида ва бутун дунёда ярим ўтказгичлар тақчиллиги шароитида улар заводнинг тўлиқ тўхтатишидан ва иш ўринларининг қисқартирилишидан қочишга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, ишлаб чиқаришнинг кескин тушиб кетиши янги машиналар тақчиллигини юзага келтирган.
«Ушбу салбий оқибатлар автомобилларни сотиш ҳамда сотиб олишнинг ноқонуний йўлларини келтириб чиқарди. Шаффоф савдо тизимининг мавжудлиги ва коррупцияга қарши курашиш бўйича турли хил чора-тадбирларга қарамай, баъзи бир шахслар ўз даромадини чиқариб олиш ҳамда тизимни четлаб ўтишнинг янги методларини топишади», дейилади хабарда.
Шундай қилиб, яқинда сотув тизими ёрдамида бир шахс томонидан автомобилларни сотиб олиш учун 10, 20 ва ҳаттоки 200 та келишув шартномаларининг тузилганлик ҳолатлари аниқланган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ушбу шахслар юзага келган ҳолатни ўз бизнесига айлантириб, «қўйилган навбатини кутишни хоҳламайдиган шахсларга ўз навбатини имтиёзли бериш мақсадида шартномалар тузади».
UzAuto Motors мижозларнинг юзага келган вазият бўйича норозиликларини инобатга олган. Бироқ компания маълумотларига кўра, UzAuto Motors ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мижозларнинг шахсий мурожаатлари ва шикоятларисиз на тезкор чора-тадбирлар кўриш, на жиноий иш бўйича тергов олиб бориш ҳуқуқига эга эмас.
Ноқонуний битимлар тузишда қатнашган ҳар бир иштирокчи жиноий жавобгарликка тортилади. Ушбу ҳодиса ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки компаниянинг call-center хизматига хабар бериш сўралган.
Motors компанияси call-center марказининг телефони — (78) 141-77-77.