Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.

Узлуксиз маънавий тарбия концепциясини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири аҳолининг фарзанд тарбияси бўйича билимларини, педагогик маданиятини ошириш, фуқароларни узлуксиз маънавий тарбиянинг самарали усуллари ва амалга ошириш шакллари билан мунтазам таништириб бориш ҳисобланади.

Концепциянинг мақсади ёш авлодда мустақил ҳаёт учун зарур ижтимоий кўникма ва фазилатларни ёшига мос, босқичма-босқич шакллантириш асосида юксак фазилатли, баркамол авлодни вояга етказишдан иборат.

Концепция тўртта босқични қамраб олади:

- биринчи босқич: оилаларда (ҳомила даври, бола туғилгандан 3 ёшгача бўлган давр);

- иккинчи босқич: мактабгача таълим 3-6 (7) ёшгача бўлган давр;

- учинчи босқич: умумий ўрта таълим (7 (6)-10 ёшгача бошланғич синф, 11-17 (18) ёш);

- тўртинчи босқич: ишлаб чиқаришда фаолият кўрсатаётган ва банд бўлмаган, шунингдек, ўрта махсус касб-ҳунар ва ОТМ тизимидаги ёшлар.