Узлуксиз таълим истиқболлари
Шу асосда Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жорий йилнинг 22-23 декабрь кунлари Самарқанд давлат университетида республикамизнинг олий таълим ва илмий муассасалари олимлари, профессор-ўқитувчилар, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг етакчи ўқитувчилари иштирокида "Узлуксиз таълим сифати ва самарадорлигини оширишнинг назарий-услубий муаммолари" мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтади.
Анжуманнинг асосий мақсади узлуксиз таълим тизимида тадқиқот олиб бораётган изланувчилар, педагогиканинг назарияси ва услубияти муаммолари билан шуғулланаётган тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, устоз-мураббийлар томонидан мавзуга доир таклиф ва тавсияларни умумлаштиришдан иборат. Шунингдек, ўқувчи-ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг педагогик асосларини ҳамда фанларни ўқитишнинг янги инновацион-педагогик технологияларини амалиётга татбиқ этиш бўйича мавжуд имкониятлар ва муаммоларни кенг муҳокама қилиш ҳамда узлуксиз таълим тизими бўғинлари орасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳам анжумандан кутилаётган асосий мақсаддир.
Анжуман қатнашчилари "Узлуксиз таълим тизимида малакали кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари", "Таълимда чет тилларни ўқитишнинг сифат ва самарадорлигини оширишда инновацион технологиялар", "Узлуксиз таълимда инновацион технологиялар ҳамда электрон ахборот таълим ресурсларини яратиш ва улардан самарали фойдаланиш", "Ҳамкорлик доирасида бажарилаётган илмий ишлар" каби шўъбаларда маъруза ўқишади.
Долзарб мавзуларда қилинган маърузалар матни анжуман материаллари тўпламига киритилади, илғор тажрибалар, лойиҳалар таълим тизимига татбиқ этилади. Таълим муассасаларидаги дарс ва машғулотлар самарадорлигини янада оширишга доир илмий тадқиқот ишларининг натижалари юзасидан илмий-назарий фикрлар, таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилиб, маълум хулосаларга келинади.