Узоқ йиллик изланиш, меҳнат ва маҳорат самараси

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ташаббуси билан вилоят Матбуот уйида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда айни кунларда 70 ёшини қаршилаган, 40 йиллик ҳаётини журналистика соҳасига боғлаган Музаффар Муқимов фаолияти ҳақида гап борди.

Дастлаб устоз ва ҳамкасблари М.Муқимовнинг узоқ йиллар «Ленин йўли» (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, тарғибот бўлимида муҳаррир, бўлим мудири, масъул котиб, кейинчалик бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир лавозимларида ишлаб, юзлаб долзарб мавзуларда мақолалар тайёрлагани, ўнлаб шогирдлар етиштиргани ҳақида гапирди.

Айни пайтда СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси ҳудудий музейи директори вазифасида фаолият кўрсатиб, 1929-1938 йилларда вилоятимизда яшаган 4 мингдан зиёд самарқандлик сиёсатчи, ижодкор ҳамда оддий колхозчиларнинг қатағонга учрагани ва уларнинг пок номини оқлашда фидойилик кўрсатиб келаётгани таъкидланди.

- Музаффар ака билан узоқ йиллар турли газеталарда бирга ишлашдик, - дейди фахрий журналист Абдурасул Сатторов. – 1992 йилда янги ташкил этилган “Халқ сўзи” газетасининг вилоят мухбири бўлиб ишлаб, ўша даврда кўплаб муаммоли мақолалар ёзди. Кейинчалик ушбу газетанинг вилоят мухбири бўлиб ишлаганимда Музаффар аканинг мақола ёзиш амалиёти, таҳлилий материаллар тайёрлаш тажрибасидан фойдаландим. Ҳозирда СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси ҳудудий музейи директори бўлиб ишлаётган бўлса-да, газеталарда долзарб мавзулардаги мақолалари билан қатнашиб турибди. Бу ҳам журналистнинг ҳамон жўшиб ижод қилаётганидан далолат. Ҳамкасбимиз ижодига баркамоллик тилайман.

М.Муқимовга Самарқанд матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси учун Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда “Зарафшон” газетасининг ташаккурнома ва совғалари топширилди.