Вадим Абрамов: "Хулоса қилиб, иккинчи даврага тайёрланамиз"

Пролига доирасида биринчи давра беллашувларининг сўнгги учрашуви бўлиб ўтди. 4-турдан қолдирилган ўйинда “Динамо” жамоаси Самарқандда “Андижон-СГС” клубини йирик ҳисобда мағлуб қилди (4:0).

Жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов биринчи давра якунлари, ёш ўйинчилар ўйини ва таркиб ўзгариши ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Тезкор гол йигитларимизнинг хотиржамроқ ўйнашига сабаб бўлди. Тайм якунида гол киритиб, ҳисоб йирик кўриниш олган бўлса-да, аслида барча масалани янада олдинроқ ҳал қилиш мумкин эди. Иккинчи бўлимда эса захирадан майдонга тушган ўйинчилар ўйинни кучайтиришлари лозим бўлса-да, улар нима билан шуғуллангани мен учун тушунарсиз бўлди. Энди танаффус юзага келади. Биз давра якунлари бўйича хулоса қиламиз, - дейди жамоа бош мураббийи В.Абрамов.

- Биринчи давра якунланди. Натижалардан келиб чиқсак, барчаси сиз ўйлаган режа асосида давом этяптими? Умуман олганда, давра якунлари бўйича умумий хулосаларингиз қандай бўлди?

- Мен учун кутилмагани – сўнгги ўйинларимизда кетма-кет очко йўқотганимиз бўлди. Шу ўйинлар мен учун кутилмаган натижалар билан тугади ва режаларимни ўзгартирди. Аммо бундан фожиа ясамаймиз, хулоса қилиб, иккинчи даврага муносиб тайёрланамиз ва ўзимиз режа қилган ўринда бўламиз.

Бу мавсумдаги энг осон ғалаба. Ҳар бир жамоа рақиби ўйинидан келиб чиқиб ўйнайди. Рақибни ўрганган эдик, уларнинг кучсиз жиҳатларини билган ҳолда ўйнадик ва ғалабага эришдик.

Ёш ўйинчиларнинг ўйини ҳақида гапирадиган бўлсак, улар яхши ўйин намойиш этишди. Биз уларга ишонч билдирдик ва худди шундай ўйин кутгандик. Йигитлар ишончни оқлашди. Ёшлар ўйини ўсиб боради, деган умиддаман.

- Биринчи даврадан кейин жамоани тарк этаётганлар ва жароҳат олганлар бор. Давралар оралиғида жамоа таркиби қанчалик ўзгариши мумкин?

- Регламент бўйича 5 нафар янги ўйинчини ўз сафимизга қўша оламиз. Ҳозирча бизда 8 нафар янги номзод ўйинчи бор. Уларни таркибга жалб этиш қанчалик амалга ошади, бу ҳали номаълум. Музокараларни бошлаганмиз. Барчаси ўзимизга боғлиқ. Мавсум ўртасида ўйинчиларда клуби билан шартномаси бор, шу боис ҳозирдан аниқ номлар ҳақида гапиришга эрта. Таркиб кучайишига умид қиляпман.

"Динамо" пролига биринчи даврасини 22 очко билан 2-ўринда якунлади. Иккинчи давра баҳслари ёзги танаффусдан кейин ўтказилади.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.