“Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли” — Президент
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб ҳудуд ва тармоқларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Давлат раҳбари валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этди.
Жумладан, валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланди.
“Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли”, - деди Президент.
Марказий банкка пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттириш топширилди.
Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари тадбиркорлар билан ҳар куни учрашиб, уларга валюта бозоридаги вазиятни, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмларини тушунтириб боради.