Вақтдан  унумли фойдаланяпсизми?

Вақтдан унумли фойдаланиш, уни аниқ мақсад сари йўналтириш кун тартиби, иш режаси эвазига фурсатни баракали қилиш ҳар кишининг ўз қўлимизда. Кўпчилик машҳур инсонлар кечқурун эртанги кун учун режа тузиб олишган. Бирор дақиқа бекорга кетмаган.

Хўш, бугун-чи? Одамлар вақтларини қандай тақсимламоқда? Улар ўз қимматли вақтларини нималарга сарфлаяпти? Болалар бўш пайтларида нима билан машғул?

Замон тез ривожланган сари барча соҳаларда турли қурилмалар кашф қилинмоқда. Айниқса, ҳаётимизни алоқа воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Қаерга қараманг, қўлларида турли русумдаги телефонларни кўтариб юрган ёшларни кўрасиз. Уларнинг аксарияти эса ўша матоҳдан бошини кўтармайди. Ҳатто 2-3 ёшли болалар ҳам телефонни кўрса, йиғидан тўхтаяпти. Атрофингиздагилар ёш болалари ва набиралари телефон сўраб, безор қилишидан шикоят қилишади.  

- Набирам телефонга муккасидан кетган, - дейди оқдарёлик Жўрақул ака. – Бермасангиз йиғлайди, инжиқлик қилади. Уч ёшли бола телевизордаги мультфильмларнинг ўрнига телефонда ёшига мос кўрсатувларни то қуввати тугагунича томоша қилади. Бир нечта ўйинларни ўйнашни билади. Уни қандай қилиб бу йўлдан қайтаришни билмаяпман.

Айримлар буни ижобий қабул қилади, болалигидан гаджетлар билан ишлашни ўрганиб олса, ҳаётда қийналмайди, дейишади. Аммо саломатлик-чи? Уяли алоқа қурилмалари  инсон саломатлигига, айниқса, болаларнинг соғлом бўлиб ўсишига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Катталар-чи? Ўзимизнинг қўлимиздан телефон тушмагандан кейин болалардан нима кутамиз?

- Яқинда машҳур бир хонанданинг юбилей концертига тушдим, - дейди ҳамкасбларимдан бири. – Зўрға чипта топиб кирдик. Ташқарида қолиб кетганлар анчагина эди. Ишонсангиз, ёнимдан ўтирган бир йигит концертнинг бошидан охиригача телефонда бошқа бир хонанданинг қўшиқларини эшитиб ўтирди. Фалон пулга билет олиб, қимматли вақтини ажратиб, концертга кирса-ю, мириқиб хордиқ чиқариш ўрнига телефон ковлаб ўтирса, ғалати туюларкан.

АҚШлик шифокорлар мобил телефонлар организмдаги «ухлаб ётган» турли касалликларни қўзғашидан ташқари, уларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлишини исботлашган. Айниқса, ёш болаларда мия саратонини келтириб чиқараркан. Телефонни кўп ўйнаш оқибатида улардаги безовталанган мия руҳий ҳолатга салбий таъсир ўтказади. Соатлаб машғул бўлганидан ҳатто оч қолганини ҳам сезмай, ошқозон касаллигига чалинади. Кўз касаллиги ҳақида айтмай қўя қолай.                    

Яқинда бир фермер танишим «энди, қўлида телефони бўлганларни ишга олмайман», деб қолди. Негалигини сўрасам, жуда қизиқ жавоб берди. Эрталаб икки нафар ишчисини далага жўнатса, экинларга сув бостириб юборибди. Иккаласи ҳам телефонда ўйин ўйнаб, вақтида сувни ёпишни унутган экан. Ёки тракторчиси телефондаги ўйинга чалғиб, катта ариққа тушиб кетибди.

Яна бир ҳамқишлоғимиз ўз қизини бир савдо фирмасига ҳисобчи қилиб ишга қўйган экан. Бир ой ўтмасидан ишдан бўшатиб юборибди. Отаси бориб сабабини сўраса, қизи иш ўрганиш ўрнига телефондан бўшамас экан. Қачон қараса, «Тик-ток»да ёки «Инстаграм»да ўтирар экан, ҳатто тушлик вақтида ҳам.  

Бугун энг чекка маҳалла ва қишлоқларда қурилган мини стадионларда футбол, волейбол, баскетбол каби спорт турлари билан шуғулланиш мумкин. Кутубхоналарда ўтириб, китоб ўқиб, билимдонлар беллашувида қатнашиб, машинали бўлаётганлар бор. Ўз ақли билан «Заковат» ўйинларида иштирок этиб, ғолиб бўлаётганлар камми? Лекин телефон ва интернетда турли ўйинларга муккасидан кетиб, қимматли вақтини бесамар ўтказаётганлар ҳам афсуски жуда кўп.

Вақтимда барака бўлсин, деганлар кун тартиби тузиб, унга амал қилиши лозим. Ишларини режа асосида қилиши керак. «Иш боши – интизом», деб бежизга айтилмаган. Тартиб-интизом бўлган жойда муваффақият бўлади. Шунинг учун ўзингизга кунлик, ҳафталик, ойлик режалар тузиб олинг. Режаларга имкон қадар амал қилинг, мабодо бирортаси амалга ошмай қолса, кейинги кундаги режаларга зарар етказмаган ҳолда қолдирилган ишингизни амалга оширинг. Йўқса, мақсадга эришиб бўлмайди.

Сиз-чи, вақтингизни қандай ўтказяпсиз?

Дилмурод ТЎХТАЕВ.