Вариатив ўқув режа қандай жорий этилади?

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ўтказилган вилоят семинарида ана шу масала юзасидан фикр алмашилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Унда вариатив (ўзгарувчан) ўқув режани тажриба-синовдан ўтказиш кўзда тутилаётган умумтаълим мактаблари директорлари, халқ таълими бўлимлари методистлари иштирок этди.

Семинарда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида ихтиёрий равишда жорий этилаётган ушбу имкониятдан унумли фойдаланиш, камчиликларга йўл қўймаслик, мактабларда татбиқ этиш тартиби кўриб чиқилди.

- Бундай муҳим жараёнда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди, -деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов. - Шу боис ҳар бир ишни мақсадли, самарасини ўйлаб амалга ошириш лозим. Аввало, ота-оналарнинг фикрини ўрганиш, уларга вариатив ўқув режанинг нима эканлигини тушунтириш керак.