Ватанни шунчаки севиб бўлмайди
Жумладан, тарбиявий муаммолар таҳлил этилар экан, "Миллий ғоя нима учун керак?", деган саволни ўртага ташлади. Ва, Юртбошимиз бу саволга қисқа қилиб "Ватанни севиш учун", дея жавоб берди.
Дарҳақиқат, Ватанни, она диёрни севмасдан туриб, аввало, ўзингни, қолаверса, бизни ўраб турган бутун борлиқни ардоқлаб, меҳр қўйиб бўлмайди. Ватан бизга она каби муқаддасдир. Ўтаётган ҳар бир кун, ҳар бир йил Ўзбекистонга содиқ хизмат қилиш учун сизу бизга берилган имкониятдир. Шу боис ҳар йилнинг ўзига хос номланиши миллий ғоямизнинг ўша йилдаги устувор вазифасидир. 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилишида ҳам ана шу ғоя ўз ифодасини топгандир.
Президентимиз Мурожаатномасида миллий ғоямизнинг 2018 йилдаги долзарб вазифалари сирасига ҳар бир фуқаро ўзига "Мен Ватаним Ўзбекистонни қандай севаман?", деган саволни беришга даъват қилинганлиги ҳам миллий ғоя аҳамияти нечоғлиқ муҳим эканлигини англатиб турибди.
Ватанни севиш дедик. Бу шунчаки ҳавас эмас. Унга садоқат билан хизмат қилсаккина тўлақонли бурчимизни адо этган бўламиз. Шу маънода мен яқинда нишонланадиган Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган қатор тадбирларни кўриб, ич-ичимдан қувонаман. Алпқомат ёшларимиз қудратли машиналарни маҳорат билан бошқаришмоқда. Самода лочин сингари парвоз қилмоқда. Сарҳадларимизни бедор қўриқламоқда. Фуқароларимиз Қуролли Кучларимиз сафларига тантаналар билан кузатилмоқда. Ҳарбийларимизга берилаётган эътибор ва имкониятларнинг чеки йўқ.
Лайло РАҲМАТОВА,
Самарқанд ахборот
технологиялари касб-ҳунар
коллежи ўқитувчиси.