Вазирлик гуруч нархининг оширилиши бўйича тарқалаётган хабарларга изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда гуруч нархи ошиши ҳақидаги хабарларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонда шоли экилиб, етиштирилади. Республика шароитида йилига аҳоли жон бошига ўртача 9,8 килограммдан гуруч истеъмоли мавжуд. Яъни, мамлакатимиз аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.
Республика ҳудудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилди. Бу кўрсаткич гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни, аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилди (2021 йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).
Таҳлилларга кўра, 2022 йилда республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни, истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган. Жумладан, Қозоғистондан 29,3 минг тонна, Покистондан 23,2 минг тонна, Таиланддан 599 тонна, Туркиядан 265 тонна, Ҳиндистондан 126 тонна ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна гуруч импорти амалга оширилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда хулоса қилсак, кейинги 5 йилда Ҳиндистондан Республикамизга жами 232,6 тонна гуруч импорти амалга оширилган, холос. Жорий йилда Ҳиндистондан бошқа мамлакатларга гуруч экспортининг тўхтатилиши Ўзбекистон Республикасига ўз таъсирини кўрсатмайди.
Маълумот ўрнида: Жаҳон бозорида 2023 йил июнь ҳолатига ўртача гуруч нархи 1,93 АҚШ доллари (22 364 сўм), энг арзон нарх 0,52 АҚШ доллари (6025 сўм) (Тунис), максимал нарх 4,84 АҚШ долларини (56 086 сўм) (Сербия) ташкил этмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон деҳқон бозорларида гуручнинг 1 кг. нархи навидан келиб чиқиб, 11 500 сўмдан 25 000 сўмгача сотилмоқда (ўтган йил мос даврига нисбатан 35,2 фоизга ўсган).
"Барча бозорлар гуруч билан узлуксиз таъминланган ҳамда захиралар етарли. Аҳолини турли ижтимоий тармоқлардаги гуручни нархини ошиб кетиши асоссиз тарғиб қилишидан огоҳ бўлишга, бу фақатгина спекулятив ҳолат ёки гуруч нархини асоссиз оширишга ҳаракатларни амалга оширишга туртки бўлаётганлигини маълум қиламиз", дейилади хабарда.