Велосипед ҳам “стоянка” қилинадими? Сомсапазни ким назорат қилади?
Шу кунларда оғир, шу билан бирга синовли кунларни бошдан кечиряпмиз. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади, лекин тарихда қолади. Эслаб юрамиз, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар бирнеча ўн йиллар муҳокама қилинади. Балки, бадиий асарлар ёзилар, илмий ишлар қилинар.
Матбуотда айтилишича, ҳар 100 йилда бир марта вабо келаркан. 1820 йилларда дунёга “холера” номли касаллик тарқалган. У пайтлар тиббиёт ривожланмаган, ҳукмрон доиралар қандай чоралар қўллашни етарли билмаган, ахборот алмашинуви ҳам жуда паст бўлган. Оқибатда бутун-бутун шаҳару қишлоқлардаги одамлар қирилиб кетган. Касалланганлар ҳудудидан бошқа ҳудудга борилса, ўша ердаги одамлар ёппасига дунёдан кўз юмган.
1920 йилларда “испанка” номли вабо тарқалган. Деярли бутун дунёни қамраб олган бу касаллик 4 миллиондан зиёд одамни олиб кетган. Инсоният бу касалликка қарши “холера”га нисбатан яхшироқ курашди. Чунки орада 100 йиллик ривожланиш, одамлар онгида ўсиш бор эди. Бир ҳолат шуки, “испанка” даврида кўчада ниқобсиз юрган киши сўзсиз қамоққа олинган.
Орадан яна 100 йил ўтди. Энди “коронавирус” деган бало дунёни титратди. Лекин энди тиббиёт ривожланган, одамлар онги ошган, ахборот алмашинуви керагидан ортиқ. Хўш, инсоният бу офатга қарши қандай курашяпти? Дунёнинг қандай курашаётгани ҳақида ҳар куни, ҳар соатда матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали хабардор бўлиб турибмиз.
Ўзимизга четдан назар солайлик, ҳолатни Самарқанд шаҳри мисолида, арзимас кўринган бир-иккита ҳолат орқали таҳлил қилиб кўрайлик. Ваҳоланки, карантин шароитида арзимас масала бўлмайди, ҳаммаси муҳим аҳамиятга эга.
Ҳукуматимиз амалга ошираётган ишларга тан бермай илож йўқ. Бутун давлат сиёсати шунга қаратилган. Бу ҳақда хоҳлаганча гапириш мумкин. Лекин давлат биз фуқаролар учун жон куйдириб турганда, биз бу сиёсатни қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш ўрнига белгиланган тартибларни “айланиб ўтишга” ҳаракат қиляпмиз. Чунки Самарқанд шаҳри аҳолиси орасида “менман”, “бу чеклов менга эмас” дейдиган, ҳаммадан ажралиб туришни истайдиган, тартибни тан олмаётган, карантин қоидаларига бўйин эгмаётган фуқаролар ҳам афсуски, учрамоқда.
“Уйда қолинг! Кўчага чиқманг! Бу ўзингиз учун, оилангиз хавфсизлиги учун. Кўчадан билмаган ҳолда вирусни уйингизга олиб келишингиз мумкин.” дея тинимсиз айюҳаннос солинаяпти. Лекин шаҳар кўчаларида, бозорлар, дўконларда одам гавжум. Икки метр оралиқ деган ёзувлар қоғозда турибди.
Умумий овқатланиш шохобчалари ёпилди, уйга олиб кетиш хизмати кучайтирилди. Лекин уйга олиб кетилаётган, етказиб берилаётган овқатлар қандай тайёрланаётгани, кимлар, қандай шароитда пишираётгани, ким олиб бораётганини кимдир назорат қилаяптими? Бу катта масала, шу соҳадаги эътиборсизлик бутун саъй-ҳаракатларимизни бир пулга чиқариши мумкин.
Масалан, кўчада сомса пишириб сотишаяпти, шу ерда ейиш мумкин эмас, олиб кетиш мумкин. Раҳмат, лекин сомсани елим қўлқоп билан пишириб бўлмайди, иккинчидан тандир бошидаги идишга териб қўйилган сомса сотилиб бўлинганича унинг олдига нечта одам келиб кетади, қўли тегади, нафаси тегади. Сомсапазнинг ўзи нечта одамнинг қўлидан пул олиб, яна сомса сотади. Ҳар сафар қўлини совунлаб ювармикин?
Тўғри, жуда эҳтиёткорлари ҳам бордир. Лекин ҳамма бирдай эмас.
Автомашиналар ҳаракати чекланди. Аммо кўчаларда машина ҳалиям бор.
Бу ҳам етмагандай, янги қизғин жараён бошланди: велосипед савдоси авж олиб кетди. Дўкондорлар, савдогарлар уйида савдо қизғин. Шаҳар кўчаларида вилосипед минганлар кескин кўпайди. Бу яхши албатта, лекин шаҳарда автомашиналар ҳаракати чекланишидан мақсад, одамларнинг кўчага чиқишини камайтириш эди. Бу “великда юравер”, дегани эмас-ку?! Кун сайин кўчаларда бундай улов минган одамлар гавжумлашяпти. Велосипедни ЙПХ ходимлари олиб қўёлмайди, жарима қилмайди.
Бунақа мисолларни, саволларни узоқ давом эттириш мумкин.
Хуллас, Самарқанд аҳолиси орасида бу офатнинг кўламини, қандай бало-қазо эканлигини, карантиннинг моҳиятини, мақсадини тўла ҳис қилмаётганлар бор.
Садриддин НАБИЕВ,
журналист.