Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ветеринария ва чорвачилик соҳасида долзарб муаммолар ва уларнинг ечими

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида шу мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси иш бошлади.

Конференция ишида Санкт-Петербург давлат ветеринария медицинаси университети профессорлари, Россия Фанлар академияси академиклари Эдуард Жавадов ҳамда Анатолий Стекольников, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда.

Дастлаб университет меҳмонлари эътиборига таълим маскани фаолиятига оид илмий-амалий кўргазма намойиш қилинди. Университет ректори, профессор Худойназар Юнусов икки йирик мутахассис, ветеринария соҳасининг нуфузли намояндалари бир вақтнинг ўзида бу масканда бўлишидан профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар мамнун экани, уларнинг маърузалари барча учун фойдали бўлишини таъкидлади.

12 йил давомида Санкт-Петербург давлат ветеринария медицинаси университетини бошқарган академик Стекольников Россияда айни кунда 3 та ветеринария таълим йўналиши бўйича олий таълим муассасалари борлигини айтиб, Ўзбекистонда ягона бўлган мазкур таълим маскани соҳага ихтисослашган ҳорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлагани, ўқув дастурлари ва режалари бир-бирига яқин ва мос бўлган муассасалар ва олимлар биргаликда ривожланаётгани хусусида гапирди ва муаммоларга ҳамкорликда илмий ечим изланаётгани ҳақидаги фикрларини баён этди.

Академиклар маросим давомида университет жамоасига ўз рамзий совғаларини тақдим этдилар. Шунингдек, тадбир давомида академикларга университет ректори томонидан “Фаҳрий профессор” дипломи ва нишони  топширилди ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Конференцияда «Ветеринария соҳасида ҳайвонлар касалликларини олдини олиш ва даволашнинг долзарб муаммолари ва уларнинг ечими», «Чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги инновациялар» «Чорвачилик биотехнологияси ҳамда ҳайвонларни сақлаш, озуқа етиштириш, озиқлантириш ва селекция ишларидаги илмий ёндашувлар», «Чорвачилик ва қишлоқ хўжалигида агротехнологик жараёнларни механизациялаштириш, ресурс-энергия тежамкор қишлоқ хўжалик техникаларини жорий этиш ва уларнинг иқтисодиёти бўйича олиб борилган тадқиқотлар» мавзусида илмий изланишлар натижалари муҳокама қилинмоқда.

Конференция эртага ўз ишини давом эттиради.

 Университет ахборот хизмати.