Вилоят ҳокими Пайариқдаги Навбаҳор маҳалласига борди
Самарқанд вилоятидаги олис маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, айни пайтда бу жараён Пайариқ туманининг Навбаҳор маҳалласида ҳам давом этмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Э.Турдимов бу жараёнлар билан танишиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Уларни қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларни эшитди.
Маҳалланинг Бешкапа, Киндикли, Туёқли, Абдураҳмон ва Кўктепа қишлоқларининг уч километрдан ортиқ тупроқ кўчаларига шағал тўшалди. Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш ва аҳолини барқарор электр билан таъминлаш мақсадида 141 дона бетон устун ўрнатиш бошланмоқда. Тўртта эски трансформатор янгисига алмаштирилмоқда.
Кўктепа қишлоғидаги сув иншоотини таъмирлаш ишларига киришилди. Шу пайтгача алоқа ва интернет тармоғи муаммо бўлган навбаҳорликлар энди бу масалада қийнайлмайди. Киндикли ва Бешкапа қишлоқларига оптик толали тармоқ тортилиб, аҳоли интернетга уланмоқда.
Уч кундан буён 3800 дан ортиқ маҳалла аҳолиси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мобил гуруҳи томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари жараёнида маҳалла биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.