Вилоят ҳокими ёнғин туфайли қариндошлари вафот этган қизни оталиққа олди

Кеча, 17 февраль куни Сирдарё вилоятининг Оқолтин тумани, Сардоба шаҳарчаси, Кўркам диёр маҳалласи, Робот кўчасида жойлашган бир қаватли, 3-уй, 1-хонадон (коттеж)да ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Оқибатда бир оиланинг 6 нафар аъзоси бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди.

Эрта тонгдан вилоят ҳокими, вилоят сектор раҳбарлари ҳамда ташкилот раҳбарларидан иборат таркибда гуруҳ тузилиб, ҳодиса содир бўлган хонадонга борилди.

Шахсан вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор қилиб, ҳамдардлик билдирди.

Вилоят ҳокими марҳумлар маросимларида бош-қош бўлиб, ёнғин содир бўлган уйни қисқа муддатда таъмирлаган ҳолда воқеа содир бўлган вақтда бошқа жойда бўлган оиланинг 18 ёшли қизи О.Ў.га топширилишини ҳамда уни ўз оталиғига олиб, ҳолидан доимий хабар олиб туришини маълум қилди.

Фожиа жойида амалий ишлар бошлаб юборилди.

Шу ўринда марҳумларнинг мотам тадбирлари ва дафн маросимларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун 30 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Марҳумларнинг маъракаларини ўтказиш учун масъуллар бириктирилди. Шунингдек, вилоят ҳокими маросимга йиғилганларга хонадонларда газ ва электр иситкич мосламаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар уларнинг қайғули кунида ҳамдард бўлмоқда.