Вилоятда “Мароқанд” волейбол клуби ташкил этилади, спорт турлари бўйича базалар бириктирилиб, малакали тренерлар жалб қилинади

Шу йил 22 февраль куни сайтимизда “Спорт федерацияларидаги муаммолар: Натижалар қониқарсиз, ҳомийлар бириктирилмаган, терма жамоага спортчилар етказиб берилмаяпти” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Ҳолат бўйича вилоят спорт бошқармаси муносабат билдирди.

Унда, жумладан, шундай бейилади:

“Бугунги кунда вилоятимизда 24 та олимпия, 4 та миллий, 34 та ноолимпия спорт тури бўйича спорт федерациялари фаолият юритмоқда. 2024 йилда мазкур спорт федерациялари томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси асосий таркибига 949 нафар, захира таркибига 472 нафар спортчи етказиб берилган.

2024 йилда вилоят спортчилари томонидан Ўзбекистон чемпионати (кубоги)да 310 та олтин, 386 та кумуш, 458 та бронза, жаҳон, Осиё ва халқаро спорт мусобақаларида 114 та олтин, 85 та кумуш, 92 та бронза медаль қўлга киритилди. Албатта, ушбу натижалар ортида спорт федерациялари вакиллари, тренер-мураббийларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси борлигини таъкидлаш лозим. 

Яқинда Президентимиз раислигида 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу борада қатор вазифаларни белгилаб берилди.  Вилоятимизда ҳам мазкур спорт турлари бўйича федерациялар ишини янада яхшилаш, бу борада уларга амалий кўмак бериш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Мақолага келсак, волейбол федерация вилоят бўлими ижрочи директори томонидан берилган маълумот ва рақамларда камчиликлар мавжуд. Хусусан, волейбол спорт бўйича вилоятда 91 нафар эмас, 77 нафар тренер-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Уларнинг қўл остида 3606 нафар спортчи мунтазам шуғулланиб келмоқда. Мақолада бу кўрсаткич 2800 нафар деб янглиш маълумот берилган. Кейинги йилларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига 3 нафар эмас, 15 нафар спортчи киритилган. 

Президент қарорига кўра, яқинда вилоятда “Мароқанд” профессионал волейбол спорт клуби ҳам ташкил этилади. Спорт клубини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабининг 18х60 метр ўлчамли зали бириктирилди. Спорт клубига 3 нафар малакали мутахассис жалб этилмоқда. Шунингдек, айни вақтда Ургут, Тойлоқ, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон тумани ва Каттақўрғон шаҳридаги спорт мактаблари ҳам волейбол спортини ривожлантиришга йўналтирилган асосий федерация базалари ҳисобланади. 

Тойлоқ туманидаги спорт мактабида регби бўйича мураббий Зафар Бердиқулов бошчилигида мазкур спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Яқин вақт давомида Пахтачи, Пайариқ туманларидаги спорт мактабларида ҳам регби тўгараклари иш бошлайди. Ушбу спорт турини ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. 

Шу билан бирга, бадминот, баскетбол, сузиш, гандбол, пенчак силат, эркин кураш, қиличбозлик, от спорти, кикбоксинг, шотакан карате, ўзбек жанг санъати каби спорт федерациялар фаолиятини янада жонлантириш учун вилоятимизда етарли имкониятлар, асосийси, махсус спорт иншоотлари ва шароитлар мавжуд. Спорт федерациялари вакиллари буни инобатга олган ҳолда ҳудудлардаги спорт-таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб борса, мақсадга мувофиқ бўларди.