Вилоятимизда экстремизм таъсирига тушган 12 шахсга жиноий иш очилди; 226 нафари қидирувда

Сўнгги 5 ой ичида уларнинг оила аъзолари билан ўтказилган тарғибот ва тезкор қидирув тадбирлари натижасида 15 нафари яшаш манзилларига қайтарилган. 13 нафари авф этилган. 
Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги концерт залида ўтказилган “Биз диний экстремизм ва терроризмга қаршимиз” мавзусидаги давра суҳбатида айтилди.

ТАТУ Самарқанд филиали ҳамда Чет тиллар институти талабалари иштирок этган тадбирда, вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, дин ишлари бўйича мутахассислар ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганлар ҳаётининг аянчли оқибати ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича,  вилоятимизда диний экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолиб махсус ҳисобда турган 1 623 фуқаролар рўйхатдан чиқарилган. 
Жорий йилнинг ўтган даврида 11 та диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноят аниқланиб, 12 нафар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. 

Уларнинг 8 нафари пул топиш мақсадида хорижга бориб, интернет орқали экстремистик гуруҳга қўшилган, 4 нафари эса диний ақидапарастликни тарғиб қилган. 
Уларнинг бундай ишларга қўл уришига оиласи ва маҳалласидаги муҳит, ишсизлик ва бошқа омиллар сабаб бўлгани таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, тарғибот тадбирлари сонини янада ошириш зарурлиги айтиб ўтилди.     

Ҳусан ЭЛТОЕВ.