Виртуал “ботқоқ”дан қутулиш керак

Ижтимоий тармоқлар бугун нафақат мулоқот, балки дунёқараш, қадриятларни ўзгартирувчи воситага айланмоқда. Бунинг таъсирида илм-фан, маърифат, ахлоқ-одоб каби тушунчалар ёшлар учун кейинги даражали бўлиб қоляпти.
Ҳар куни ёшлар виртуал оламда “подписчик” (мухлис) орттириш истагида ўзини, ўзлигини йўқотмоқда. Оқибатда уларда хаёлпаришонлик, диққат етишмовчилиги каби психологик босим, руҳий таназзул пайдо бўляпти.
Психологларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлардаги “ҳаёт”, намойиши, сунъий гўзаллик ва бойлик тўғрисидаги постлар ёшларда жамиятдан норозилик, камсинганлик ҳисларини уйғотади. Ҳар ким ўзини бошқалар билан таққослайди, реал ҳаётни эмас, виртуал турмушни мақсад қилади.
Энг ёмони, бу платформаларнинг кўпчилигида маълум ёшгача чекловлар бўлса-да, уларни четлаб ўтиш оддий жараёнга айланиб қолган. Шу боис 10-12 ёшли болалар ҳам дунёвий муаммолар, маънавий ифлосланиш ва руҳий зўриқишлар гирдобида қолаётир. Ёшлик, тажрибасизлик, ҳаётга болаларча қараш уларни осон ишонтирадиган, бошқариладиган гуруҳга айлантирмоқда.
Хўш, масаланинг ечими нимада?
Аввало, ота-оналар фарзандининг интернетдан фойдаланиш вақтини назорат қилиши, ижтимоий тармоқлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш маданиятини шакллантириши лозим. Бу фарзандларни тармоқдан бутунлай узиш керак, дегани эмас, балки унга тўғри фойдаланишни ўргатишдир.
Қолаверса, таълим муассасаларида ҳам рақамли технологиялардан фойдаланиш маданиятига оид дарслар ёки тўгараклар ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Бу орқали улар қандай маълумот ишончли, қай бири ёлғон ва инсоннинг психологиясига салбий таъсир кўрсатишини ажрата олади.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларнинг ўзида ҳам миллий, маънавий, ахлоқий тарғиботни кучайтириш, ижобий образларни кенгайтириш, илҳом, илм ва виждонни акс эттирувчи контентлар кўламини ошириш зарур. Шунингдек, муассасаларда рақамли тозалаш ҳафталигини ўтказиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Яъни, муайян вақтда смартфон, интернет, тармоқлардан ўзини тийиш, реал ҳаётга юз буриш, китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш, табиат қўйнида дам олиш каби фаолиятларни қўллаб-қувватлаш лозим.
Унутманг, ижтимоий тармоқлар фақат ёмонлик манбаи эмас. Ёшларга ундан тўғри фойдаланишни ўргатмасак, келажакда бугунгидан ҳам оғир виртуал ботқоққа ботиб қолишимиз муқаррар.
Лилия ИСКАНДАРОВА,
СамДЧТИ катта ўқитувчиси.