Витебск ветеринария медицинаси академияси ректори СамВМИда

Самарқанд ветеринария медицинаси институтига Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси ректори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Николай Гавриченко ташриф буюрди.
Мазкур таълим даргоҳи институтнинг энг яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўтган йили август ойида Витебск академияси ва СамВМИ ўртасида қўшма факультет ташкил этилган эди. Айни кунда ушбу қўшма факультетда 30 нафар талаба икки таълим йўналиши – ветеринария медицинаси ва ветеринария фармацевтикаси бўйича таҳсил олмоқда. “2+2” дастури асосида улар икки йил Самарқанд ветеринария медицинаси институтида, икки йил Витебск академиясида ўқийди. Бу талабалар икки давлат - Ўзбекистон ва Беларусь, яъни СамВМИ ва ВДВМА дипломларига эга бўлади.
Учрашув давомида икки олийгоҳ ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма факультет фаолиятини янада ривожлантириш, факультет негизида янги, замон талаблари асосида қўшимча тармоқлар ва йўналишлар очиш, ўқув-қўлланмалар чоп этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мутахасисларнинг фикрича, Витебск академияси таълим дастури билан Самарқанд ветеринария медицинаси институти дастури бир-бирига ўхшаш. Бу икки таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйилган. Ўтган йили 5 нафар СамВМИ талабаси уч ой муддатда Витебск академиясида таълим олиб қайтди. Жорий йилнинг март ойида яна 15 нафар талаба Витебскка ўқиш учун йўл олади.
Шунингдек, айни пайтда 2 нафар талаба Витебск академиясининг магистратура йўналишида ўқимоқда. Яна бир талаба академиянинг сиртқи бўлимида таҳсил оляпти.
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.