Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Wi-Fi зоналар, IT-парклар... рақамли таълим тизимини юксалишига хизмат қилади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги Innovative Centreda халқаро "Shaping the Science" 4-конференцияси бўлиб ўтди.

Унда 10 дан зиёд мамлакатдан 200 га яқин иштиркчилар қатнашди ва тақдимотлар ўтказди.

"Shaping the Science-4" конференциясининг мазмуни, бу таълимни ривожлантириш, илм-фан ва педагогика соҳасида айнан амалий ечимлар таклиф этишга қаратилган дунёнинг энг нуфузли олимлари билан Ўзбекистон ёшларини бир платформага жамлайдиган тадбир ҳисобланади.

2022 йилнинг 15 январь куни Нобел мукофоти лауреати, Корнелл университети профессори Ҳеролд Вармус мазкур платформада ўқувчиларга юзланиб, Ўзбекистон жаҳон илм-фан марказларидан бирига айланиши бутун бир олимлар авлодини етиштириш орқали бўлишини таъкидлаган эди.

– Юртимиз таълим тизимини янада ривожлантириш учун биз турли замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда буни амалга оширишимиз мумкин, - дейди Хорижий тилларни оммалаштириш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий вакиллиги раҳбари Мухаммадхон Солиев. - Wi-Fi зоналар, IT-парклар очилиши рақамли таълим тизимини юксалишига хизмат қилади. Рақамли таълимнинг жорий этилиши учун талаба ёшларни ҳамда ўқитувчиларни рақамли технологиялар билан ишлаш қобилиятларини ўстириш ва интернет орқали турли очиқ курслар ташкил этиш орқали бажариш мумкин.

Мазкур конференцияда Марказий Осиё ва дунёнинг турли мамлакатларидан юқори малакали ўқитувчи-профессорлар таълим, амалий фанлар, табиий фанлар, иқтисодиёт ва тиббиёт соҳаларига оид мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилди ҳамда илмий тадқиқотларга қизиқувчи талаба ва ўқитувчиларга керакли маслаҳат ва кўникмалар берилди.

Конференция ишида Ўзбекистон, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Германия, Жанубий Корея, Греция, Ҳиндистондан маърузачилар ва Самарқанддаги энг нуфузли давлат олий ўқув юртларида фаолият юритаётган ректор ва ўқитувчилар иштирок этди.

Анжуманда маҳаллий экспертлар билан бир қаторда халқаро экспертлар қатнашди ва чет тили сифатида инглиз тилини ўқитиш ўқитувчилар билим салоҳиятига тўлиқ боғлиқлигидан тортиб, инглиз тилини ўрганишнинг замонавий методлари ҳақида фикр билдирди. Халқаро экспертлар тақдим этган презентациялар орқали ўқитувчилар нафақат бошқа давлатлардаги ўқитиш методикаларидан хабардор бўлишлари, балки шу экспертларга саволлари ва таклифларини баён этишлари мумкин бўлди.

Фирдавс Жамилов.