Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ қабулхонаси ёрдамида эҳтиёжманд оилага соғин сигир берилди

Оқдарё тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи Зафар Ачиловнинг хонадонида яқинда икки нафар эгизак фарзанд дунёга келган. Бу, албатта, оила учун катта қувонч. Аммо ижтимоий кўмакка муҳтож оила бу гўдаклар парвариши ва рўзғор юкидан бироз қийналди. Шу сабабли улар бир бош соғин сигир сўраб турли идораларга мурожаат қилди. Аммо улар “Имконият бўлиши билан ёрдам қиламиз” деб ваъда беришди, холос.

Оила вакилларининг тумандаги Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг, бу масалага Президентнинг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси бош қўшди. Ҳомий жалб қилинган ҳолда З.Ачилов хонадонига бузоғи билан соғин сигир келтириб берилди.

Вилоят Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев ушбу оила ҳолидан хабар олди ва уларга зарур ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

– Одамлар дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир, деган қараш Халқ қабулхоналари фаолиятининг асосини ташкил этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Алишер Эгамбердиев. – Ҳар бир мурожаатга, мурожаатчига ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, муносабатда бўламиз. Ҳар бир масалани имкон қадар, қонун доирасида ижобий ҳал этиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Шунинг учун ҳам йил бошидан қабулхонамизга жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 1524 мурожаатнинг 1219 таси қаноатлантирилди, 259 мурожаат юзасидан тушунтириш бердик, 46 таси айни пайтда ўрганиш жараёнида.

Мурожаатлар таҳлил қилинганда, афсуски, энг кўпи - 226 таси моддий ёрдам сўралганлари бўлди. Албатта, бунинг ҳаммасини ҳам қаноатлантириш имконсиз. Чунки моддий ёрдам ажратишнинг ҳам ўз тартиб-қоидаси, меъёри бор. Шу асосида бу тоифадаги мурожаатлар кўриб чиқилмоқда. Кредит олиш, уй-жой ва ер ажратиш, ишга жойлаштириш, коммунал тўловлар масалалари бўйича мурожаат қилувчилар ҳам кўп бўлди ва барча масалалар белгиланган тартибда кўриб, ҳал этилмоқда.

Мисол учун, туманнинг Пичоқчи қишлоғида яшовчи Ахтамхон Кенжаев 2019 йилда ўз маблағи ҳисобидан “Пичоқчи тонг юлдузчаси” нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этгани, аммо боғчага мебель жиҳозлари олиш мақсадида уч йилдан буён имтиёзли кредит ололмаётгани ҳақида мурожаат қилди. А.Кенжаевнинг мурожаати тегишлилиги бўйича “Микрокредитбанк” Лойиш филиалига юборилди ва қисқа вақт ичида унга 216 миллион имтиёзли кредит ажратилди.

Халқ қабулхоналарида ҳудуд раҳбарларининг қабулларини ҳам ўтказиш белгиланган. Мазкур тартиб асосида йил бошидан буён Оқдарё тумани Халқ қабулхонасида туман сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар томонидан 74 марта қабул ташкил этилиб, 1651 нафар фуқаронинг мурожаати эшитилган. Бу мурожаатларнинг 1143 таси қаноатлантирилган.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ҳамма ташкилот, ҳамма раҳбар ҳам бирдек масъулият билан ёндашмайди. Бунинг оқибатида одамлар давлат идораларидан, раҳбарлардан норози бўлади. Ана шундай мутасаддилар, мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган шаҳсларни жавобгарликка тортиш бўйича Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан йил бошидан буён 44 та тақдимнома ва таклифлар берилган. Натижада 11 нафар шасхлар интизомий, 9 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.