Халқаро мақом санъати: соз ва сўз санъати уйғунлашган форум

Эроннинг “Настар” ансамбли ва ҳиндистонлик Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси ижрочиси Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг “Сақил” ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Тожикистон мақом академиясига анжуманнинг бош соврини – Гран-при насиб этди.

***

Шарқ мумтоз санъатининг асосий жанри тарғиботига қаратилган ушбу нуфузли анжуманнинг оммавий тадбирларида вилоятимиз вакиллари ҳам иштирок этди. Уларнинг форум ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Лола Бўлтакова, каштачи ва қўғирчоқ ясовчи уста ҳунарманд, Жомбой тумани:

– Биз кўргазмада намойиш этган қўғирчоқлар хорижлик иштирокчиларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Улар эсдалик сифатида маҳсулотларимиздан намуналар харид қилишди. Фаолиятим давомида кўпгина кўргазмаларда иштирок этганман. Шаҳрисабздаги намойишимиз барчасидан ўзгача ўтди.

Ҳусан Файзуллаев, Самарқанд санъат коллежи қошидаги “Мақом” ансамбли бадиий раҳбари:

– Мамлакатимизда биринчи бор ташкил этилган мақом санъати анжумани биз учун маҳорат мактаби бўлди. Гарчи форумнинг оммавий тадбирларида қатнашган бўлсак-да, 2020 йилда ўтказиладиган анжуманда гуруҳимиз билан иштирок этишни ният қилдик. Бунинг учун тайёргарликни бугундан бошладик.

Эшбек Номуратов, “Чавқи” фольклор-этнографик ансамбли бадиий раҳбари, Булунғур тумани:

– Жамоамиз бир неча йиллардан буён дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилган санъат фестивалларида ўз чиқишларини намойиш этган. Буюк Соҳибқирон бобомиз барпо этган Оқсаройдаги бу анжуман файзи, жозибаси билан барчани лол қолдирди. Бу ҳукуматимизнинг миллий санъатимизни ривожлантиришга қаратилган эътибори, хорижлик мутахассисларнинг мақомга бўлган қизиқиши самарасидир.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.